Бугунги кунда фойдаланувчиларнинг шахсига доир маълумотлар харид қилиш ёки сотиш мумкин бўлган товарга айланиб улгурди. Фуқаролар исталган рақамли сервисдан фойдаланиб, ёки веб-сайтларга ташриф буюриб, ўзлар билмаган ҳолда шахсга доир маълумотларини номаълум шахсларга бериб қўйишмоқда. Бунинг учун уларни ҳатто ёзиб беришнинг ҳам ҳожати йўқ, ресурсдаги алгоритмлар барча керакли маълумотларни ўзи топади.
Гарчи шахсга доир маълумотлар концепцияси эскирган бўлса-да, алоқа тармоқлари ва маълумотларни автомат тарзда таҳлил қилишнинг ривожланиши шахсга доир маълумотларни ўғирлаш, марказлашган тарзда йиғиш ва оммавий тарзда сотиш имконини бермоқда. Ушбу маълумотлар фуқарони кузатиш, унга қарши жиноят режалаштириш ёки ўзини бошқа инсон қилиб кўрсатишга ёрдам беради. Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишнинг энг тинч усули – бу реклама юбориш.
Шахсга доир маълумотлар – техник эмас, юридик тушунчадир. Шундай бўлса-да, маълумотларни таҳлил қиладиган замонавий технологиялар қўшимча белгилар орқали бир инсонни бошқасидан ажрата олиш имконига эга.
Аксарият интернет-сервислар ўз хизматларини яхшилаш ва мижозларига кўплаб имкониятларни тақдим этиш мақсадида ўз фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни тўплайди. Улар мазкур маълумотларни суиистеъмол қилиши билан муаммолар бошланади. Агарда компания фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотларидан фойдаланган ҳолда, ўз даромадини ошириш учун манипулятив усулларни қўлласа, бу очиқчасига ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Фойдаланувчилар хулқини ўрганиш ва уларни “кит”, “дельфин” ва “танга балиқ”ларга ажратишга асосланган тизимнинг жорий қилиниши бунга яққол мисолдир. Ҳозирги пайтда айрим йирик компаниялар бу каби алгоритмларни ишлаб чиқиш учун миллионлаб доллар маблағ сарфлабгина қолмай, бу борадаги тегишли ҳисоботларни ҳам чоп этмоқда. Бундай алгоритмлар ҳар бир фойдаланувчининг юзлаб турдаги шахсга доир маълумотларини ўрганади. Улар учун фуқаронинг жинси, ёши, миллати, яшаш жойи ва оилавий аҳволи каби маълумотлар бирикуви айниқса, қизиқарли. Улар шунингдек, масофадан туриб ҳам браузер тарихини ўрганиши мумкин. Айни дамда, фойдаланувчи уларнинг хизмати учун қанча кўп пул тўласа, унга нисбатан ўткир психологик ва техник манипуляциялар шунча кўп қўлланилади.
Фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотларини тўплашнинг бошқа бир салбий таъсири – ушбу маълумотларнинг чиқиб кетиши ёки учинчи шахсларга бериш эҳтимолининг мавжудлиги билан боғлиқ. Бу нафақат беодоблик ҳисобланади, айни дамда ҳар қандай компанияга молиявий зарар етказади, унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатади ҳамда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бугунги кунда шахсга доир маълумотларнинг “қора бозори” мавжуд бўлибгина қолмай, у гуллаб-яшнамоқда. Бу бозорда нафақат уяли алоқа телефонларининг маълумотлари базалари ёки электрон почта манзиллари, балки шунингдек, паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаларидаги фотосуратларни ҳам топиш мумкин. Фирибгарлар ушбу ҳужжатлар орқали бошқа шахс номига кредит расмийлаштириши мумкин. Баъзан бундай ҳолатларда жабрланган шахс ўзининг беайблигини исботлаши қийин бўлади.
Бу каби қонунбузарликларни камайтириш мақсадида 2021 йил 14 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 июлдаги “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунига ўзгартишлар киритилди. Шундай қилиб, Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларини сақлашнинг янги тартиби жорий қилинди. Энди ўзбекистонликларнинг барча шахсга доир маълумотлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ва Давлат реестрида рўйхатдан ўтган техник воситаларда қайта ишланиши керак. Маълумотларни маҳаллийлаштириш талаби маълумотларни ахборот технологиялари, жумладан Интернетдан фойдаланган ҳолда қайта ишлашга тааллуқлидир. Айни дамда, маълумотларни маҳаллийлаштириш талаби уларни тўплаш, тизимга солиш ва сақлашга ҳам тааллуқлидир. Маълумотлар базасининг эгаси ёки оператор ушбу талабларга риоя қилиш учун масъул ҳисобланади.
Қонунда шунингдек, асосий тушунчаларга ҳам таъриф берилади. Хусусан шахсга доир маълумотларнинг мулкдори –бу шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базасига эгалик қилган шахс, оператор эса, шахсга доир маълумотларни қайта ишлайдиган шахсдир.
Қонунда ушбу талабларга фақат маҳаллий компаниялар риоя қилиши кераклиги кўрсатилмагани боис, у хорижий компанияларга ҳам тааллуқлидир. Айни дамда, баъзи чет эл IT-компаниялари Ўзбекистонда ўз серверларини ўрнатишига мажбур бўлиши мумкин.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА