Саёҳат инсон учун энг ёқимли лаҳзаларни инъом этади. Туркияга сафар қилувчи бир гуруҳ журналистлар қаторида мен ҳам борлигим айнан шу туйғуларни қалбимга солди.
Пресс-тур Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилди. Саёҳат дастури маълум бўлгач, борадиган манзиллар ҳақида маълумотлар йиғишни бошладим. Табиийки, бир ҳафталик об-ҳаво билан қизиқдим. Борилажак манзилларда булутли ва ёмғирли иқлим ҳукмрон бўлсада саёҳатга ҳеч қандай таъсир қила олмайди.
Ва, ниҳоят бир гуруҳ ўзбекистонлик журналистлар Истанбулдаги янги қурилган аэропортга келиб тушдик. Унинг йириклиги ва ҳашамати, кўплаб чиқиш йўллари бизни бироз шоширгани рост.
Кўпчилик мазкур давлатни Истанбул, Анқара, Анталия каби машҳур шаҳарлари, бетакрор тарихий обидалари, туризм салоҳияти, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари, оммабоп фильм ва сериаллари орқали билади. Иш билан ёки сайёҳ сифатида келганлар эса, албатта, бу борада янада кўпроқ тасаввурга эга.
Истанбул – кўп миллатли шаҳар. Бу ерда дунёнинг исталган давлатидан келган сайёҳни учратасиз. Бозорларда ҳабаш йигит соф турк тилида соат олишни таклиф қилади. Туркчада қийналиброқ қолсангиз, сотувчи кутилмаганда ўзбекча гапириб жонингизга оро киради. Чапдаст тужжорлар инглиз, араб, рус, форс тилларида мурожаат қилса ҳам асло ҳайрон бўлманг.
Истанбулдаги илк кунимизда кутилганидек жала қуйиб берди.
Аэропортдан меҳмонхонага йўлга тушдик. Йўлларда автомобиллар тиқилинч. Маълум қилишларича, ҳар йили инфратузилмани яхшилаш мақсадида кўплаб йўллар қурилади ёки кенгайтирилади барибир шу аҳвол. Автомобиль қатнови жуда кўп. Бу табиий, чунки шаҳарнинг норасмий аҳолиси 23 миллиондан ошмоқда. Расмий маълумотларда 16 миллион, дея қайд этилган. Шаҳар иккига яъни Европа ва Осиё қисмларга бўлинган. Европа қисмида бир-биридан кўркам баланд кўп қаватли бинолар қад ростлаган бўлса, Осиё қисмида тарихий, қадимий мажмуалар, муқаддас қадамжолар сизни чорлайди.
Пандемия шаҳардаги сайёҳлар оқимига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Шундай бўлсада, сайёҳлардан Истанбулнинг қай жиҳати эсингизда қолди, деб сўрасангиз, аксари миноралари кўкка бўй чўзган жомелар ва бир-бирига қоришиб кетадиган азон сасини хотирлайди. Яна айримлар Европа ва Осиёни ажратиб турадиган бўғознинг гўзал манзарасини эътироф этади.
Шунингдек, ушбу шаҳарни масжидлар шаҳри десак, асло муболаға бўлмайди. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ҳозирда биргина Истанбулда 3 минг 100 дан зиёд масжид мавжуд.
Пресс-тур Султон Аҳмад туманида жойлашган “Тўпкапи”, яъни тўп (пушка)ли дарвоза, тўрлар билан қуролланган макон маъносини англатувчи майдондан бошланди. Истанбул шаҳридаги “Тўпкапи” сарой-музейи Туркиянинг энг қадимий ва диққатга сазовор тарихий масканларидан ҳисобланади. Истанбулга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бу саройни бир марта томоша қилмасдан кетмайди.
Константинополь (Истанбул)ни илк бор ишғол қилган туркий подшо Маҳмуд қарийб 7 гектар ерда улкан сарой барпо этган. Бу жойлар 4 минг йиллар аввал афсонавий Троя ҳукмдорларига тегишли бўлган экан. Маълумки, машҳур Усмонлилар империяси тарихи 1299-1699 йиллар оралиғини ўз ичига олади. Аввалига “Янги сарой” деб номланган мажмуа таркибида турлича аталган 4 ҳовли ва ҳовлиларга кириш учун алоҳида 3 дарвоза мавжуд.
Ёв ҳужумидан ўта кучли ҳимояланган, яъни уч томондан денгиз билан ўралган қулай ҳудуд эгалланиши Усмонлиларни дунёнинг ўша даврдаги энг қудратли давлатни барпо этишларида ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Ҳукмдор оиласи, сарой аҳли учун ҳам яшаш ҳам иш жойи сифатида хизмат қилган мажмуадан туриб мамлакатни бошқариш учун зарур бўладиган барча шароитлар яратилган. Кўплаб турар-жойлар, боғлардан ташқари пул, танга ясаладиган зарбхона, хорижий меҳмонларни қабул қилишга мўлжалланган алоҳида қароргоҳ, ҳатто, подшоҳ томонидан аскарлар машқи кузатиладиган кенг яланглик ва бошқа кўплаб, бино, иншоот, майдонлар шундай хулоса қилиш имконини беради.
Султон Маҳмуд томонидан 1479 йилда қурилиши бошланган Тўпқопи саройи салкам 400 йил мобайнида турк султонларининг қароргоҳи сифатида хизмат қилган. Шу йиллар мобайнида саройда 25 нафар ҳукмдор мамлакатни бошқарган. Саройда яшаб, 4–5 мингга яқин киши хизмат қилгани маълумотларда қайд этилган. Султон ошхонасида бир вақтнинг ўзида мингга яқин ошпаз ишлаган.
Бироқ саройда қандайдир тадбир ўтказиладиган бўлса, у ўзида 10 мингга яқин кишини сиғдира олган. Бир йилда саройга 30 мингта жўжа, 23 мингта қўй, 14 мингта бузоқ олиб келинган. Айни дамда ошхона хитой, япон ва турк чиннилари ҳамда Венеция шишалари музейига айлантирилган. Сарой жавоҳирлари Маҳмуд Фотиҳ қароргоҳида намойиш этилади.
Таҳлилчилар Тўпқопи саройини худди Истанбул каби жуда ҳам сирли эканини таъкидлашади. Саройга бу ном султон ҳар гал саройдан чиққанда ва кирганда тўп отилгани боис берилган. Тўпқопи саройи Султон Аҳмад ва уч марта қайта тикланган Аё-София масжиди билан деярли ёнма-ён жойлашган. Саройнинг гуллаб-яшнаган даврида бу ерда 4–5 мингга яқин киши истиқомат қилгани айтилади. Сиз «Муҳташам юз йил», «Кўсем» сингари сериалларда кўрган воқеаларнинг катта қисми ана шу саройнинг турли бурчакларида бўлиб ўтган.
Сарой ичма-ич уч қисмдан иборат бўлиб, унинг ҳар биридан алоҳида дарвозалар, Боби Ҳумоюн, Бобус-салом ва Бобус-саодат дарвозалари орқали кирилади. Саройнинг бош дарвозаси Боби Ҳумоюн бўлиб, ушбу дарвоза яничарлар томонидан мустаҳкам қўриқланган. Хорижий элчилар, фуқаролар шу дарвоза орқали киритилган.
Бобус-салом орқали кириладиган иккинчи ҳовли асосан давлат ишлари юритилган, турли ҳужжатлар, фармонлар ҳозирланган, девон мажлислари ўтказилган. Мажлисларни султонлар ичкари ҳовли дарчаси олдида туриб кузатишган, шу ерда муҳокама қилинадиган масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришган.
Саройнинг учинчи қаноти бўлган «Ҳарам» – бу мажмуанинг энг сирли қисми. Айнан шу ерда султоннинг онаси – Волида султон ўтириб, ҳарамни бошқарган. Вақти-вақти билан султоннинг кўнглини хушлаш учун жорияларни султоннинг назаридан ўтказилган. Зинапоя устидан турган султон «Олтин йўлак»дан ўтаётган қизларнинг қай бирини ёқтириб қолса, унинг устидан зар сочган. Ҳарам бекалари ўша бахтли қизни ювинтириб, безантириб, «хилват»га ҳозирлашган.
Саройнинг “Муқаддас омонатлар” бўлими Истанбулда зиёрат этиш шарт бўлган жойлардан бири. Чунки у ерда Ислом тарихининг энг ноёб экспонатлари – Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳирқалари, соқоллари, Уҳуд жангида синган тишлари, оёқ излари, мактублари ва қиличлари, Иброҳим алайҳиссаломнинг қозончаси, Мусо алайҳиссаломнинг асоси, Ҳазрати Довуднинг қиличи, Юсуф алайҳиссаломнинг жуббаси, саҳобаи киромларнинг шамширлари, Ҳазрати Фотима ва Ҳусайн р.а.ларнинг кўйлаклари ва бошқа қимматли бойликлар сақланади. Ушбу омонатларнинг аксарияти Султон Ёвуз Селимхон ҳукмронлик қилган XVI асрда қўлга киритилган, XX асргача музей қимматли экспонатлар билан тўлдириб борилган.
Истанбул – икки қитъада жойлашган дунёдаги ягона шаҳарлиги, маданий ёдгорликларга бойлиги, хушманзара соҳиллари билан машҳур. Унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган қалъалари, муҳташам саройлари гўзаллигидан нафақат қуруқликда балки сувда саёҳат қилиб ҳам баҳраманд бўлиш мумкин.
Шундай тарихий қалъалардан бири Галата минораси Истанбулнинг Европа қисмида жойлашган баланд бино бўлиб, буни шаҳар марказининг барча нуқталаридан кўришингиз мумкин. У Истанбулнинг энг муҳим рамзларидан биридир.
Тарихга назар ташласак Константинопол даврида ушбу минора Исо минораси дейилган. Генуяликлар бу ҳудудни Византиядан тортиб олиб, бу ерда ўз мустамлакасини ташкил этганлар. 1341 йилда улар унинг атрофида ҳимоя деворларини қуришни бошлаганлар. 1348-49 йилларда генуяликлар тоғнинг тепасида минора қурадилар. Айнан шу минора шу кунгача сақланиб қолган. Кейинчалик бу минора «Исо Масиҳнинг минораси» деб аталган. Бу денгизчи ва савдогарлар учун ўзига хос белги бўлиб хизмат қилган.
Минора ҳозирги номини Усмонли империяси даврида олган. Султон Мехмет гумбазни олиб ташлаш орқали минора баландлигини 6,8 метрга қисқартирган. Султон Мурод III даврида минора расадхона сифатида ишлатилган.
1791 йилда минора реконстукция қилинган. Унинг баландлиги 45 метрни ташкил этади. Кейинчалик бу ерда кузатув майдончаси ташкил этилиб, кеча-кундуз қоровул шаҳарни кузатган. 1875 йилда минора замонавий кўринишга эга бўлган. 1960 йилларда минорада конус шаклидаги гумбаз қайта тикланган. Кейинчалик лифт қурилган.
2020 йил ёзида минора реставрация учун Туркия туризм вазирлигига ўтказилган ва минора маълум муддат ёпилган. Ўтган йилнинг 9 октябрида эса минора жамоатчилик учун қайта очилган. Бу ерда музейлар ташкил этилган.
Минорадан бутун шаҳар кафтдек намоён бўлади. Баланддан туриб Истанбулнинг ҳақиқий манзарасидан, гўзаллигидан баҳраманд бўласиз.
Нурилло НАСРИЕВ,ЎзА
Истанбулдан махсус