Ҳенри Форднинг «Менинг ҳаётим» китоби ёзилиб, дунёга шов-шув бўлгандан буён орадан қанча сувлар оқиб ўтди. Даврлар, замонлар ўзгарди, аммо АҚШ автомобиль саноатининг «отаси» Ҳ.Форднинг ҳаёт йўлига бўлган қизиқиш заррача сусаймади.
Дунёнинг юзлаб ўлкаларида бу китоб миллионлаб нусхаларда нашр бўлди. Ҳали-ҳамон қўлма-қўл бўлиб ўқилади.
Албатта, америкалик бу миллиардер ҳақида, унинг ҳаёти, муваффақият сирлари хусусида асрдош “форд”шунослар беармон ёзишган.
“Менинг ҳаётим” ўтган 20-асрнинг энг буюк менежерларидан бири, ишлаб чиқаришда илк бор конвейер йўлини жорий этган, АҚШ машинасозлик саноатига тамал тошини қўйган ишбилармон, амалиётчи Ҳ.Форд қаламига мансуб.
Яна бир йилдан кейин бу асар ёзилганига роппа-роса бир аср бўлади.
Ўз даврининг энг бой одамини шон-шуҳрат ақлдан оздирмайди, қанча-қанча довонларни ортда қолдиргач ҳам “ҳайратомуз ютуқларимиз ҳали олдинда, биз далани энди шудгор қилдик”, деб ёзади камтарлик билан.
Уни бошдан охир чуқур фалсафага йўғрилган китобининг харидори нега бунча кўп?..
Тижорат, ишлаб чиқаришга бел боғлаган замонавий дунё одами борки, бу мактабдан дарс олгиси келади.
Нега?..
Бу саволларга Ҳ.Форд ҳаётномасидан биргина иқтибос:
«Кимдир машиналар ва саноатнинг ортиб бораётган қудрати ҳақида гап бошласа, кўз ўнгимизда темир машиналарнинг совуқ дунёси гавдаланади, бу совуқ дунёда дарахтлар, гуллар, қушлар, ям-яшил яйловларни улкан заводлар сиқиб чиқаради. Биз шу билан металл машиналар ва металл одамлар дунёсига эга бўламиз. Мен бунақа тасаввурни қабул қилмайман. Фикримча, машиналардан фойдаланишни пухта ўрганиб олсак, ҳаётнинг механик қисмини тўғри англасак, бизда дарахтлар ва қушлар, гуллар ва ўтлоқлардан баҳра олиш учун вақт кўпроқ бўлади…»
Ҳ.Форднинг яна бир ҳақиқати:
«Эҳтиёткорона шубҳакорлик тамаддуннинг мувозанат тошидир. Дунёдаги мавжуд ўткир муаммолар янги ғояларни астойдил текширмай қабул қилиш оқибатида юз беради. Ғоя кўҳна бўлгани учунгина тўғри бўлмайди ёки фақат янгилиги туфайли хато бўлмайди, бироқ кўҳна ғоя амалда ишласа, шу унинг фойдасига қатъий далилдир… Ғояни ҳар ким мулоҳаза қилиб айта олади. Гап уни амалга оширишдадир»
Ҳ.Форднинг қариб юз йилдан сўнг она тилимизга ўгирилган “Менинг ҳаётим” китоби чин маънода ибратли ҳаётнома. Мақсадлари олий, ўз иши, ҳаётини ижодий ва ижобий томонга ўзгартиришга бел боғлаган иқтисодчи, муҳандис, руҳшунос, бизнес ташкилотчи ва раҳбарлари, борингки, ҳаётда катта муваффақиятларга эришишни мақсад қилган ҳар бир инсон учун беғараз қўлланмадир.
Китобни ўзбек тилига Карим Баҳриев ва Орифахон Ғуломовалар ўгиришган.
Таниқли шоир, таржимон, журналист – Карим Баҳриевнинг мухтасар сўзбошиси эса сизни “Менинг ҳаётим” дунёсига олиб киради.
Алишер Нарзулло, ЎзА