Яқинда таҳририятимизга давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан ўтказилган танлов натижалари 2,5 ойдан буён ҳеч қандай сабабсиз эълон қилинмаётгани бўйича мурожаат келиб тушди.

Унда Мактабгача таълим вазирлигининг 2020 йил ноябрь ойи бошларида Тошкент шаҳри бўйича ўтказилган танлов натижаси танлов комиссияси раиси М.Юлдашев томонидан тўхтатиб турилганлиги баён этилган.

Биз ушбу мурожаатни эълон қилишдан олдин холисона ёндашган ҳолда иккинчи томоннинг ҳам фикрларини ўргандик. Тендер натижалари нима учун эълон қилинмаганининг сабабларини билиш учун Мактабгача таълим вазирининг ўринбосари, танлов комиссияси раиси М.Юлдашевдан сабабларини суриштирдик.

Вазирлар Маҳкамасининг 25.07.2019 йилдаги 626-сонли «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Мактабгача таълим вазирлиги аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил қилиш мақсадида танлов ўтказиши белгиланган эди.

Ушбу қарорга асосан синов тариқасида Тошкент шаҳридаги 780 та Мактабгача таълим ташкилоти аутсорсинг усулига ўтказиш учун тадбиркорлар ўртасида тендер эълон қилинган.

М.Юлдашевнинг сўзларига кўра, танлов жараёни 2020 йилнинг февралида бошланиб, 17 мартгача тадбиркорларда аризалар қабул қилинган. Март ўрталарида пандемия сабабли барча мактабгача таълим ташкилотларининг фаолияти тўхтатилди. Сентябрь ойидан бошлаб боғчалар босқичма-босқич фаолиятини бошлагандан кейин танловни ўтказиш октябрь, ноябрь ойларида амалга оширилди.

Аммо 6 ойлик пандемия даврида кўплаб тадбиркорлар томонидан фаолиятида молиявий моддий-техник жиҳатдан ўзгаришлар бўлганлигини инобатга олиниши сўралган. Тадбиркорлар бу бўйича ҳаттоки Адлия вазирлигига ҳам мурожаат билан чиқишган.

Адлия вазирлиги ҳам танловни ўтказиш шартларини ўрганиб чиқиб, жорий йил 4 декабрь куни Мактабгача таълим вазирлигига тақдимнома киритган. Тақдимномада ҳақиқатдан тадбиркорларнинг ҳуқуқ эркинлигига дахл қилувчи нормалар борлиги келтирилган.

– Биз бу тақдимномани ўрганиб чиққанимиздан кейин вазирлигимизда яна махсус ишчи гуруҳ тузилди, – деди Мактабгача таълим вазири ўринбосари М.Юлдашев. – Қонунга биноан танлов эълони 30 кун турадиган бўлса, ўтказиш жараёни икки ой белгиланган. Тадбиркорлардан келган мурожаатлар муддати 10 кун этиб белгиланган экан. Шу сабабли барча ҳақли эътирозларни инобатга олган ҳолда танловни қайта ўтказишга қарор қилдик. Қайта ўтказиш жараёнида Адлия вазирлиги кўрсатган камчиликлар ҳам инобатга олинди.

Мактабгача таълим ташкилотларига жорий этилаётган аутсорсинг жараёни ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, боғчалардан болаларни овқатлантиришда аутсорсинг ўтказиш билан тарбиячиларни фақат таълим-тарбия билан шуғулланишлари учун имконият бўлади. Шунингдек, таом сифатни биргина субъектдан талаб қилишмиз мумкин.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълумотига кўра, Мактабгача таълим ташкилотларида коррупциянинг 50 фоизи озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ экан. Агар аутсорсинг тизимига ўтиладиган бўлса, 50 фоиз коррупция ўз-ўзидан камаяди.

Ш.ОТАБОЕВ, ЎзА