2021 йил 20 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маданият ва санъат соҳасидаги давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган 172 та давлат мулки объектининг рўйхати тасдиқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан келишмасдан қуйидагиларга йўл қўйилмаслиги белгиланди:

– уларнинг тизимидаги кинотеатрлар, маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театрлар, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг кўчмас мулкларини хусусийлаштириш;

– уларнинг ҳудудидаги ер майдонларини маҳаллий ҳокимликлар захирасига олиш.

Мазкур турдаги объектлар уларнинг маданият ва санъат соҳасидаги фаолият турини сақлаб қолиш шарти билан давлат-хусусий шериклик асосида берилади.

Бунда ташаббускорларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган хизмат кўрсатиш, кичик ишлаб чиқариш, савдо фаолияти турлари билан шуғулланишга рухсат этилади.