Жиззах вилоятида депутатлар соҳанинг масъул раҳбарлари ҳамроҳлигида жойларга чиқиб тиббиёт муассасалари фаолиятини ўрганмоқда.
Президентимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатида 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришни, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтиришни, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни алоҳида таъкидлади. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилидаги ушбу вазифалар ижросини таъминлашда депутатларнинг жойлардаги вазиятни ўрганишлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари Муқаддас Ўразалиева ва Муқаддас Тиркашева вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Маҳмудова ҳамроҳлигида вилоятнинг энг чекка ҳудудидаги Янгиобод туманида бўлиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати билан танишди.
Депутатлар тумандаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг фаолияти билан танишиш давомида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самараси, муассасаларнинг моддий-техник базаси, кадрлар таъминоти, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратишди. Тиббий хатлов якунлари кўздан кечирилди.
Тиббиёт ходимлари, беморлар, аҳоли вакиллари билан учрашувлар давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳақида мулоқот ўтказилди.
Депутатларнинг туманлардаги тиббиёт муассасалари бўйлаб сафари давом этаётир.
Т.Бекназаров, ЎзА