Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Беруний ҳамда Тўрткўл туманларига ташриф буюрди.
Ташрифнинг илк маркази Беруний тумани оғир ҳудудлардан бири «Олтинсой» овул фуқаролар йиғинида бўлди. Мазкур ҳудудда 2020 йил охирида Давлат божхона қўмитаси Махсус жамғармаси ҳисобидан тоза ичимлик суви фильтрлари ўрнатилди. Натижада аҳоли учун ичимлик суви муаммоси ҳал қилинган. Ҳудуд аҳолиси билан учрашувда уларнинг мурожаатлари тингланди.
Туман Ёшлар маркази фойесида ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил қилинди.
Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга берилаётган эътибор ўзининг юксак даражасига етганлиги билан ажралиб туради. Туманда 2021 йилда 6 нафар кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизга уй-жойларнинг бошланғич бадаллари тўлаб берилган эди. Сенат Раиси уй-жой эгаларига сертификатларни тантанали равишда топширди.
Бундан ташқари ўтган йили “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни шакллантиришда Беруний тумани намунали қилиб олинган бўлиб, бу ишлар юксак даражада бажарилди. Бугунги кунда аёлларнинг ўзини ўзи банд қилиш ҳамда иш билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Шу ернинг ўзида берунийлик бир гуруҳ аёлларга тикув машиналари, мини печка, сартарошлик бўйича асбоб анжомлар берилди. Туманда фаолият олиб бораётган “Беруний текстил инвест” корхонасида узоқ йиллар давомида меҳнат қилган аёлларга ҳам совғалар топширилди.
Ёш бўлишига қарамасдан миллий мақом йўналишида қўшиқлар ижро қилиб, юқори натижаларга эришиб келаётган Беруний туманидаги 6-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Муроджон Қодирберганов ижросидаги куй-қўшиқлар ҳамда Ёшлар марказида ташкил қилинган гимнастика тўгараги қатнашувчиларининг кўргазмали чиқишлари меҳмонларда яхши таассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоеванинг Тўрткўл туманига ташрифи «Dinur-jobs” касб-ҳунарга ўқитиш маркази очилишидан бошланди. Ушбу марказида 10 та турдаги касб ўқитилмоқда. Бу ерда 135 нафар ишсиз, кайта касбга ўқиш истагидаги ҳамда «Темир дафтар»,»Аёллар дафтари»,»Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда Россия Федерациясида ишлаш истагини билдирган, олдин бошқа мутахассисликда ўқиган фуқаролар касбга қайта тайёрланмоқда.
Меҳмонлар марказ фаолияти билан танишар экан, бу ерда бугунги кун талабидаги касблар ва соҳалар қамраб олинганининг гувоҳи бўлдилар.
Марказда таълим олиб, сертификатни қўлга киритган фуқаролар тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлиши билан бирга ишсиз фуқаролар ўз-ўзини иш билан банд қилиш ва ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имконига эга бўладилар.
Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Норбоева ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов туман Маданият саройи биносида “Аёллар дафтари”га киритилган кам таъминланган ва кўп болали 20 та оила вакили билан учрашиб, улар билан суҳбатлашди. Учрашув жараёнида аёлларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА