Оиладаги маиший зўровонлик айрим ҳолларда оддий ҳодиса сифатида қабул қилинади. Турмуш ўртоғи томонидан камситилган ёки калтак еган аёллар бу ҳолатни кўпинча бекитишга уринади.
Аммо шу каби ҳолатлар газак олиб кетиши, охир-оқибат бирор фожиа рўй бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай ҳолатлар рўй бераётгани эса ҳеч кимга сир эмас.
Ҳимоя ордери эса зўровонликка учраган хотин-қизларни фақат ҳимояга олиш эмас, балки шу ҳолатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилади.
Ҳимоя ордери бериш амалиёти бундан бир йилча муқаддам, яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий этилган.
Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси муҳим топшириқлар бўйича инспектори Нилуфар Ғиёсованинг айтишича, 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.
Бу кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.
Хотин-қизлар 56 ҳолатда жинсий, 121 ҳолатда иқтисодий, 6 минг 836 ҳолатда жисмоний зўравонликка учраган бўлса, 6 минг 281 ҳолатда руҳий босимни бошидан ўтказган. 1 минг 480 ҳолатда тазйиқ остида қолган.
Ҳимоя ордери олган аёлларнинг 11 мингга яқини эридан ҳимояланган.
Таассуф, аёл турмушга чиқаётганида эри тимсолида ўз ҳимоячисини кўради. Ҳақиқатан, ҳар қандай тарафдан қаралганда ҳам эркак оиланинг асосий устуни ва ҳимоячиси бўлиши керак.
Тўғри, қарс икки қўлдан чиқади. Аёллар ҳам камчиликлардан ҳоли эмас. Лекин нима бўлишидан қатъий назар, эркак барибир босиқроқ бўлиши, мулоҳаза билан иш тутиши чинакам эр кишига хос.
Ҳимоя ордери берилиши натижасида 14 минг 774 жиноятнинг олди олинган. Фақат ҳимоя ордери олган икки нафар шахс жиноятдан жабрланган.
Ҳимоя ордери берилаётганлар орасида вояга етмаган шахслар ҳам бор. 125 нафар вояга етмаган қизга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордери олаётганларнинг асосий қисмини 30 ёшдан ошган аёллар ташкил этган. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг 73 фоизи уларнинг оилаларда, қолгани жамоат жойида, ишхона ва таълим муассасаларида содир этилган.
– Ҳимоя ордери берилаётган хотин-қизлар билан ишлашда профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда, – дейди ИИВ инспектори Нилуфар Ғиёсова. – Бу жараёнда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизими ходимлари, психологлар ёрдамида муаммонинг сабаб ва ечимлари устида иш олиб борилмоқда.
Ҳимоя ордери берилган оилаларда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик ишлар натижасида 8 минг 166 оилада эр ва хотин яраштирилган. 5 минг 46 оиладаги низолар бартараф этилиб, қолганлари бўйича профилактик ишлар давом эттирилмоқда.
Тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган 146 нафар шахс ҳимоя ордери талабларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.
Ички ишлар вазирлиги ва Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази билан ҳамкорликда тузилган “Аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида”ги меморандум асосида нотинч ва муаммоли оилалар аниқланиб, уларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилмоқда.
Оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўравонликка дуч келган, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган 302 нафар хотин-қиз “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари”га жойлаштирилган.
Кўриниб турибдики, ҳимоя ордери хайрли воситага айланган. Демак, оилада рўй берадиган турли нохушликларни бартараф этиш ўрнига уни хаспўшлашга уринишимиз беҳуда иш. Аслида, муаммолар ҳақида гапириш – унинг ечими бўйича ташланган илк қадам, деб бежиз айтилмаган.
Норгул Абдураимова, ЎзА