Жиззахда қулаган 6 қаватли бинонинг қолган қисми ҳам талабга жавоб бермаслиги ҳамда яқин орада қулаб, одамлар соғлиғига хавф туғдириши мумкинлиги инобатга олиниб, ҳозирда атрофи тупроқ билан тўлдирилган ҳолда тадбиркорнинг ўз ҳисобидан бузиб ташланмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 10 январь куни ижтимоий тармоқларда Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушди. Унга расмий баёнот ва Ўзбекистон қурилиш вазири Ботир Зокиров изоҳ берган эди.
Жиззах шаҳар, «Зилол» МФЙ, «Мустақиллик» кўчасида жойлашган 1-2 қаватлари савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 3-6 қаватлари турар жой биноси бўлиши кутилган объектнинг буюртмачи – пудратчиси «Баракали Қоракўл Чорвадор» фермер хўжалиги бўлиб, лойиҳани “DISCOVERY ARCHITECTS GROUP” корхонаси тайёрлаб берган.
Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг мартида бошланган бино дасталаб 3 қаватли бўлиши борасида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Кейинчалик лойиҳага ўзгартириш киритилган.
Бу ҳам етмагандай ушбу объектда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳага мослиги, бажарилган ишларнинг сифати устидан ҳудудий назорат инспекция инспекторлари бир неча марта назорат ишлари ўтказган ва камчиликларни аниқлаган.
Бунда қурилиш объектига олиб келинган темир-бетон плита, ғишт, арматура ва цемент маҳсулотларига мувофиқлик сертификати тақдим этилмаганлиги, объектда умумий ва махсус иш юритиш журналлари юритилмаганлиги, уй-жойнинг пойдевор ва девор ишларида бажарилган қуйма бетонларнинг лойиҳавий мустаҳкамлигига мос келиши бўйича қурилиш-синов лаборатория хулосаси тақдим этилмаганлиги сабабли инспекция ёзма кўрсатма берган.
Қайд этиш керакки, тадбиркорларимиз мана шундай ҳолатга тушмаслик учун қурилиш норма ва қоидаларига амал қилсалар, ортиқча оворагарчиликка йўл қўйилмаган бўларди.
ЎзА