Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қатор ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасининг турли ҳудудларида мураккаб вазиятларга тушиб қолган кўплаб фуқароларимизни мамлакатимизга олиб келмоқда.
Ана шу йўналишдаги фаолият давом эттирилиб, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидан 13 нафар юртдошимиз 23 январь куни Москва – Тошкент йўналишидаги чартер рейс орқали юртимизга олиб келинди.
Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси билан ҳамкорликда олиб келинган юртдошларимиз билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари профилактик ва тушунтириш тадбирларини ўтказиб, улар доимий яшаш манзилларига кузатиб қўйилди.