Одил судловга тарафлар керакми ёки тарафларга одил судлов?!
Биласизки, Фуқаролик ишлари бўйича судларга ҳам икки хил тарзда мурожаат қилиш мумкин:
Оддий – муайян иш билан боғлиқ бўлмаган мурожаатлар, яъни ариза, таклиф, шикоятлар;
Муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар, яъни ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.
Албатта, сиртдан кўриб чиқиладиган ишлардан ташқари, даъво ариза ва ариза (алоҳида тоифадаги ишлар) бўйича фуқаролик ишлари қўзғатилар экан, суд мажлиси тарафлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши лозим. Бу қонун талабидир.
Бироқ, суд мажлисида тарафлар тўлиқ иштирок этиши учун нима керак? Улар хабардор бўлиши керак. Тарафлар хабардор бўлиши учун нима қилиш керак? Уларни хабардор қилиш керак. Бунинг учун нима керак? Суд мажлиси ҳақида тарафларга хабар берувчи мукаммал тизим ва воситалар керак. Мана гап қаерда…
Ана шундай тизим-воситалардан бири, бу – замонавий почта хизмати. Почта хизмати билан ФИБ судларнинг ҳуқуқий муносабати. Бугун тан олиб айтиш керак, иқтисодий судларда суд чақирувлари ва хабарномаларини почта алоқаси орқали етказиш бир мунча яхши йўлга қўйилган. Балки бу ИИБ судларда иштирокчилар юридик шахслар бўлгани, аксарият ҳолларда уларнинг почта ва юридик манзили аниқлиги учундир.
ЯНА БИР МУҲИМ ЖИҲАТ…
ФИБ судларда ишларни сиртдан кўриш ваколати ҳам борлигини унутмаслик муҳим. Айни ана шу ваколат эса, аҳолининг «суд ишни менинг иштирокимсиз кўрди» деган ҳақли баъзан ҳақсиз эътирозларига сабаб бўлаверади. Афсуски, бу эътироз ҳали-ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Аслида ишни сиртдан кўришнинг нимага ё кимга кераги бор? Ишни сиртдан кўриш шартми? Нега аксарият ривожланган давлатларда иш сиртдан кўрилмайди? Нега мазкур давлатларда бу тушунча – ишни сиртдан кўриш ҳатто уларнинг қонунчилигида ҳам йўқ. Ишни бирйўла кўриб қўя қолса бўлмайдими? Судга бир тараф келмаса-келмабди, уни чақиришга маҳкам ёпишиб олиш шартми?
«Низо қонуний-адолатли ҳал этилса, шуниси муҳим эмасми?» деган мантиққа асосланган ҳақли мушоҳада ҳам бор, бироқ бу яна бир бошқа мавзуга тортадиган каттагина мақола-пост бўлар эҳтимол…
Айни дамда низони тўғри-қонуний ҳал этиш учун эса, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тарафларни хабардор қилиш ва суд ишини уларнинг иштирокида кўриб чиқиш албатта муҳимдир.
Ана шунинг учун ҳам ФИБ судлари жонли судлар дейилади.Чунки ФИБ судларида хулосалар кўпроқ ҳужжатларгагина асосланиб қолинмаслиги, тарафларнинг кўрсатмалари низони тўғри ҳал этишда асосий омиллардан бири бўлиши ҳам мумкин…
Шундай экан, бугун – ХХI асрнинг 21 йилида ФИБ судларида суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тарафларни хабардор қилиш тизими қанчалик талабга жавоб беради? Йўлга қўйилган хабардор қилиш тизими (почта хизмати, телефонаграмма, факсограмма, электрон почтага орқали юбориладиган хабарнома ва ҳоказолар) фаолиятидан аҳоли розими?
Шахсий фикримга кўра, катта ҳарфларда «ЙЎҚ».
Чунки, аксарият фуқаролик судлари ҳали ҳамон почта алоқа хизматлари билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатни лозим даражада йўлга қўймаган.
Ҳудудларни қўйиб турайлик. Пойтахтда ҳам ФИБ судларида буюртма хабарномалар, сифатли почта хизмати, замонавий почта алоқаси рисоладагидек йўлга қўйилган деб бўлмайди.
Демак, суд хабарномалари деярли буюртма почта орқали юборилмайди. Шундай экан, суд хабарномасини тарафларга етиб борган ё йўқлигини ўз вақтида билишнинг имкони 50/50. Буни ё кечикиб биласиз ё тараф судга хабарномани олиб келиб иштирок этганда билиш мумкин. Бу борада муаммо сақланиб қолмоқда…
Хуллас, электрон почта орқали хабарнома юбориш, sms хабар юбориш тизими маромига етгунча, ФИБ судларида суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида зудлик билан қиладиган ишларимиз:
Биринчидан, ҳеч бўлмаса почта алоқа хизматлари билан хабарномаларни тарафларга етказишнинг буюртма шакли ҳақида шартнома асосида фаолиятни йўлга қўйишимиз даркор. Бу ишни кечиктириб бўлмайди;
Иккинчидан, айрим илғор давлатлардаги каби суднинг ўз почтаси «Суд почтаси»ни шакллантириш вақти келди. Суд почтаси тарафларнинг манзилига бориб, «суддан салом келтирди,к низони бирга ечамиз, адолатни бирга юзага чиқарамиз, низонгизни қонуний ҳал этиш учун бир судга ташриф буюринг» десин. Буни «Суд почтаси» электрон шаклда, электрон воситалар орқали айтса ҳам бўлади. Агар тарафларда АКТ воситаларидан кенг фойдаланиш имкони бўлса, улар узоқ масофада бўлсалар, бошқа давлатларда бўлиб турган бўлса…;
Учинчидан, ҳар бир туманлараро судда мурожаатчиларнинг электрон манзил захираси яратилиши ва у почта алоқа бўлимларига иш қўзғатилиши билан юбориладиган ягона интеграциялашган электрон тизим асосида йўлга қўйилиши керак. Хабарномани конвертга солиб, почта бўлимига олиб бориб берадиган тизимдан, дастурий таъминотга асосланган имкон қадар интеграциялашган электрон тизим орқали юбориладиган электрон хабарномалар (видео, аудио, смс ва ҳоказолар) тизимини жорий этиш мумкин. Бу қисқа муддатда қилса бўладиган иш…
Тўртинчидан, фуқаролик низоларини кўриб чиқилишида фаол жалб этиладиган ёки тез-тез судга чақирилиб туриладиган ё суд томонидан ишни мазмунан тўғри ҳал этиш учун яқиндан кўмак берувчи ва уларга жуда кўп талабнома, сўровномалар юборилиб ёхуд хулосалар сўралиб туриладиган давлат ва нодавлат ташкилотлари – масалан: давлат хизматлари агентлиги бўлимлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, адлия органлари, Адвокатлар палатаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари, МФЙлари, нотариуслар, ФХДЁ, МИБ, кадастр, миграция хизматлари, ИИВ органлари, ахборот марказлари ва ҳакозоларга электрон суд хабарномалари, суд сўровнома ва талабномалари юборишнинг интеграциялашган тизимини ишлатиб юбориш фойдадан холи эмас;
Энг асосийси – юқори муаммолигича қолиб кетаётган процессуал қонунчиликдан ўз вақтида воз кеча билиш… Яъни, тараф судга келиш керак, улар иштирок этиш керак, бунча муддатда келиши лозим, бўлмаса, судья яна бир марта ишни кейинга қолдириб, 2-3 марта суд мажлисида кўриб юбориши мумкин, судья шундай тарзда ишни кўрмаса, юқори инстанция суди ишни қуйи инстанция суди тўғри ҳал этган-этмаганлигидан қатъи назар, процессуал қонун бузилиш деб баҳолаб, янгидан биринчи инстанция судига қайтаради, каби нормаларни чиқариб ташлаш, «бу борада бизнинг миллий қонунчиликлигимиздек бўлмаса ҳам» лекин нисбатан кўпроқ ютуқларга эришган, мақбул тажриба тўплаган ривожланган давлатларнинг амалиётини кўчириб олсак ҳам, биров бир нарса демайди. Чунки бу одил судлов, халқ манфаатида, инсон ҳуқуқларини кенгроқ таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Биз эса «қонунларимиз, айниқса процессуал қонунчилигимиз мукаммал, уларни концептуал нуқтаи-назардан кўп ҳам ўзгариши мақсадга мувофиқ эмас, керак бўлса, у давлатлар бизнинг қонунчилигимиздан намуна олсин» деб юраверамиз.
Айтмоқчиманки, ФИБ судларида – процессуал қонунчилик – судларда тарафлар иштироки – почта (электрон шакллардаги хабарномалар) – «суд почтаси»ни яратиш бугунги кунда, олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар жараёнида жуда катта бир ўйга толдирадиган масала эмас. Аслида, халқаро жамоатчилик ҳам тан олинаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги бугунги ислоҳотларни ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.
Лекин, унча катта бўлмаган ва самарали «Суд почтаси» тизимини амалга ошира олсак, ишни сиртдан кўришга ҳам ҳожат қолмайди, «одамлар ишни суд менсиз кўрди» ҳам дейишмайди, сиртдан кўрилиб (атай сиртдан кўрилишини кутиб), кейин сиртдан кўрилган қарорга нисбатан арз қилиб, шу суднинг ўзи уни бекор қилиб, 90 фоиздан ортиқ ҳолларда яна ўша ўзи бекор қилган аввалги қарорни қайта чиқариб, вақт ва маблағ кетказишни ҳам олди олинарди.
Балким, ана шунда судлардаги чақирув хатлари, почта хабарномалари, тарафларнинг хабардорлиги, почта харажатлари ҳам алоҳида бир яхлит қонун ҳолига келиб, «Почта харажати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни деб номланиб,«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўхшаб соҳани тартибга солишга хизмат қилар…
Демак, одил судловга тарафлар керакми ёки тарафларга одил судлов?!Аввало, ҳар биримиз ўз ҳуқуқий онгимизда ана шу чегарани аниқлаб олишимиз керак. Ривожланган давлатлар ва ҳуқуқий маданият, ижтимоий ҳуқуқий қарашлар юксакроқ жамиятларда эса,албатта тарафларга одил судлов керак деган тамойил амалда…
Хулоса ўзингиздан!
Нуриддин Муродов,
Тошкент шаҳар
Учтепа туманлараро суди судьяси