Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида кундалик содир этилаётган қоидабузарликлар ва йўл-транспорт ҳодисалари доимий тарзда таҳлил этилиб, тегишли чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.
Йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан мунтазам равишда ўтказилаётган рейдлар ҳам ўзининг ижобий самараларини бермоқда.
Жумладан, йўл-патруль хизмати инспекторлари биргина 20 январь куни давомида транспорт воситасини спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда бошқариб келаётган 27 нафар ҳайдовчини аниқлади. Уларга нисбатан қонунда кўзда тутилган маъмурий чоралар кўрилди. Барча ширакайф ҳайдовчини аниқланиши бу тахминан шунча йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан баробар эканини тасаввур эта олсак натижалар салмоғи янада ойдинлашади.
Транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришнинг салбий оқибатлари тўғрисида жуда кўп гапирилган. Лекин шундай бўлсада масъулиятни ҳис қилмайдиган, ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўядиган ҳайдовчиларнинг борлиги ачинарлидир. Жумладан, Қибрай туманида хизмат олиб бораётган ходимлар “Нексия-3” русумли транспорт воситасини текширганида Паркент туманида яшовчи Ж.Қ.нинг спиртли ичимлик истеъмол қилгани аниқланди. Инспекторлар уни тиббий кўрикдан ўтказиш учун тиббиёт муассасасига олиб борди. Шифокорлар томонидан ҳайдовчининг маст ҳолатда эканини аниқлаб, тегишли хулоса берилди. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдонига қўйилди.
Тошкент туманида рейд ўтказаётган ходимлар ҳам текшириш учун “Матиз” русумли транспорт воситасини тўхтатганида ҳайдовчи маст ҳолда машина бошқаргани маълум бўлди. Тиббий хулосага асосан унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, машинаси жарима майдонига киритилди.
Жавобгарликдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу сабабли ҳаракат иштирокчиларидан “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъий амал қилишлари мақсадга мувофиқ.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ
Ахборот хизмати.