Ватанимиз тарихидаги 24 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1556 йил (бундан 465 йил олдин) – тарихий манбаларда ниҳоятда саховатпеша, кутубхонага алоҳида эътибор қаратган маърифатли ҳукмдор сифатида қайд этилган бобурийзода Ҳумоюн мирзо ҳалокатли жароҳат олди.
Тарихчи олим Акбар Замоновнинг қайд этишича, Ҳумоюн подшоҳ Деҳлидаги ўз саройининг том қисмида “Дини паноҳ” деб номланган махсус кутубхона қурдирган бўлиб, ҳар куни кечқурун у ерда китоб мутолааси билан машғул бўлган. Унинг энг кўп ўқийдиган китоблари Бобурнинг “Вақоъи”, Навоийнинг “Хамса” ва Жалолиддин Румийнинг “Маснавий” асарлари бўлган.
Шундай мутолаали оқшомларнинг бирида, 1556 йилнинг 24 январь кечаси шом намозига айтилган азонни эшитгач, ўз кутубхонасидан пастга туша бошлайди ва моҳир усталар силлиқлаган зинапояга қўйилган ҳассасининг учи сирғаниб, томдан йиқилади ҳамда боши билан мармар зинага урилади. Ҳаёти фаолиятининг баланд-паст бўлиши, зиддиятли, ғамгин ва ситамли даврларнинг кўп бўлганлиги сабаб жисми ҳам заифлашиб қолган подшоҳ шу йиқилишда ҳушидан кетган.
Акбар Замоновнинг ёзишича, икки кун давомидан ўзига келмаган Ҳумоюн мирзонинг жони 26 январда узилган эди. Бу пайтда Ҳумоюн 49 ёшда бўлган (Отаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 47 ёшда вафот этган эди). Унинг ўлими ҳолати бобоси, Бобур мирзонинг отаси Умаршайх мирзо ҳалокатига ўхшашдир. Умаршайх ҳам 1494 йил Ахси қўрғонидаги кабутархонадан йиқилиб ҳалок бўлган ва бу пайтда у 39 ёшда бўлган.
1909 йил (бундан 112 йил олдин) – Фарғона вилояти ҳарбий губернатори, генерал-майор Сусаниннинг буйруғига асосан Андижоннинг 2 қисмдан иборат Эски шаҳри 4 қисмга ажратилди. Худоёрлиқ қисми 2 га бўлиниб, бири Олайлиқ, иккинчиси Уйлиқ қисмдан иборат бўлди. Боботаваккул қисми Боботаваккул ва Қирлиқ қисмига бўлинди. Бу тўртда даҳанинг ҳар бири шаҳар оқсоқоллари томонидан бошкарилган.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Мали, Словакия, Украина, Чехия Республикалари Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Темурийлар тарихи давлат музейи фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2003 йил (бундан 18 йил олдин) – Осиё Олимпия Кенгашининг Қувайтда ўтган йигирма иккинчи Бош Ассамблеясида спортнинг Кураш тури, Ўзбек кураши Осиё ўйинлари дастурига киритилди. Ўзбек кураши жаҳонга юз тутиши билан биргаликда яна байналмилал характер касб эта бошлади. Эндиликда кураш гиламида Кураш Халқаро Ассоциациясига аъзо бўлган давлатлар ва миллатларнинг ўнлаб курашчиларини ҳам кўриш мумкин.
Халқаро Ассоциацияда ва дунё давлатлари кураш ареналарида ўзбекча терминлар: чала, дакки, танбеҳ, ғирром, ёнбош, ҳалол – ҳаммаси бўлиб 12 та ўзбекча атамалар қўлланилмоқда. Бу, албатта, ўзбек халқи маданиятининг сўзлари воситасида дунёга юз тутганидан далолатдир.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, қадимдан курашни бошқариш, полвонларни таништириш, совринни бериш каби вазифаларни баковул бажарган. Ҳар бир полвон ўз қишлоқ, овулининг ори учун олишган. Йиқилган полвон ори учун қишлоқдош полвон курашга даврага тушган. Қайси полвон рақиб полвонни йиқитиб, елкасини ерга теккизгандагина “ҳалол” ҳисобланган.
2003 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Испан ҳамда ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси билан Испания Қироллиги ўртасида самарали ўзаро манфаатли муносабатларни чуқурлаштириш борасидаги улкан хизматлари, шунингдек тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Испания Қироли Хуан Карлос I «Буюк хизматлари учун» ордени билан, Испан ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ишига катта ҳисса қўшгани, илмий, ижтимоий ва хайрия фаолиятидаги улкан хизматлари учун Испания Қироличаси София де Бурбон и Гресиа Зоти Олиялари «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси тасдиқланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади