Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида қирол Филипп VI қабулида бўлди.

Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилган.

Испания қироли “Palacio Real de Madrid” саройида хорижий делегациялар раҳбарлари шарафига расмий қабул ташкил этди. Маросимда туризм соҳасининг Испания иқтисодиётидаги муҳим ўрни, аҳоли бандлигини таъминлашдаги салмоқли ҳиссаси қайд этилиб, пандемиядан кейин мамлакатни ривожлантиришда туризм ва давлатлараро дўстликнинг алоҳида аҳамият касб этиши хусусида сўз юритилди.

Расмий тадбирлардан сўнг, Испания қироли билан Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўртасида юзма-юз мулоқот бўлиб ўтди. А.Абдуҳакимов Испания қироли ва унинг оила аъзолари, шунингдек, испан халқига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда ўзбек халқининг қизғин саломини, самимий тилакларини етказди.

Қирол Филипп VI, ўз навбатида, 2017 йилнинг июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Остона шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувни илиқ хотиралади.

– Қирол Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар узоқ тарихга эга экани, ўзаро алоқалар олти аср илгари Испания қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Самарқандга амалга оширган ташрифи ва Амир Темур билан учрашувига бориб тақалишини эслади, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликнинг амалий давоми сифатида Ўзбекистон томонидан Испания компаниясининг “Тальго” русумли поездлари сотиб олингани, шу асосда туризм шаҳарлари боғлангани ҳамда яна иккита поезд олиб келиниши режалаштирилаётгани эътироф этилди.

Шунингдек, Испания қироли пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориш истаги борлигини билдирди.

ЎзА