Юридик клиника

– Ходимнинг малакаси етарли бўлмаса, иш берувчи ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилса бўладими?

 Ҳа, бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан иш берувчи ўз ташаббуси билан ходимнинг малакаси етарли бўлмаган тақдирда у билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин. Шу ўринда, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида икки ҳафта олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт!  

Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши хақида»ги қарорига мувофиқ, меҳнат шартномаси юқорида қайд этилган банд асосида бекор қилинаётганда иш берувчи ходимни шу корхонанинг ўзида ишга жойлаштириш чораларини кўришга мажбур. Яъни, ходим малакаси етарли бўлмаганлиги учун бажараётган ишига нолойиқ, деб топилганлиги сабабли унга мутахассислиги бўйича камроқ малакали иш таклиф этилиши, у ҳам мавжуд бўлмаса, корхонада мавжуд бўлган камроқ малакали бошқа иш таклиф этилади.

Агар иш берувчи ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли камида икки ҳафта олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантирмасдан ва Меҳнат Кодексининг 237-моддаси ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилган мажбуриятларини бажармасдан меҳнат шартномасини бекор қилган бўлса, ишчи ўз хуқуқларини тиклаш учун тегишли бўлган Фуқаролик судига мурожаат қилиши мумкин. Ва бундай ҳолларда Кодекснинг 277-моддасига асосан ходим меҳнатга доир ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан талаблар бўйича судга мурожаат этганлиги учун суд харажатларини тўлашдан озод этилади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Меҳнат Кодексининг 237-моддасига биноан ҳомиладор ва боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда кафолатлар белгиланган. Ушбу моддага кўра, агар ҳомиладор ва ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларнинг малакаси етарли бўлмаган тақдирда иш берувчи улар билан меҳнат шартномасини бекор қила олмайди.

Бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни, албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилиниши мумкин. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

ЎзА

Ушбу материал ТДЮУнинг “Юридик клиника”си талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди.