Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Энергетика вазирлиги тизимидаги «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов иштирокида брифинг ўтказилди.
Жаҳонгир Обиджонов жорий йилнинг 21 январь кунидан бошлаб кузатилаётган совуқ ҳаво туфайли юртимиз айрим ҳудудларида юз берган электр энергиясидаги узилишлар билан боғлиқ ҳолатларга изоҳ берди.
– Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида куни кеча бошланган кучли шамол, қор бўрони оқибатида ҳаво электр тармоқлари ҳамда трасформатор пунктларига етказилган шикаст натижасида республикамизнинг турли ҳудудларида электр энергияси етказиб беришда вақтинча узилишлар кузатилмоқда, – деди Жаҳонгир Обиджонов. – Хусусан, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларининг айрим ҳудудларида шунингдек, Фарғона водийси вилоятларида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида электр энергиясида узилишлар вужудга келган.
Дастлабки маълумотларга кўра, республика бўйича, 110 кВ кучланишли 7 дона ҳаво линияларида ва 6-10 кВ кучланишли 476 дона ҳаво линияларида узилишлар вужудга келган.
Тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида аввалдан ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадаси, 378 та махсус авариявий чиқиш машинаси, махсус техникалар ҳамда раҳбар ходимлардан иборат навбатчилик ташкил этилган бўлиб, содир бўлган авариявий ҳолатлар туну кун ташкил этилган навбатчи бригадалар томонидан техника хавфсизлик қоидаларига амал қилинган ҳолда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, барча авариявий ўчган 110-35 кВ кучланишли тармоқлар ҳамда 247 дона 6-10 кВ кучланишли линиялар тармоққа қайта уланди.
Айни вақтда истеъмолчиларни босқичма-босқич тармоққа қайта улаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, электр энергиясиз қолган деярли 60 фоиз истеъмолчи қайта тармоққа уланиши таъминланди.
Ҳозир республика бўйича 6-10 кВ кучланишли 229 дона ҳаво линияларда узилишлар мавжуд бўлиб, ушбу вужудга келган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг тизим корхоналари ходимлари томонидан туну кун таъмирлаш-тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, авариявий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳудудий корхоналарда 395 дона тармоқ трансформатор, 191,8 тонна трансформатор мойи, 947 дона таянч, 53,9 тонна турли ўлчамдаги сим, 41,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 638 дона кабель муфтадан иборат захира яратилди. Мазкур тезкор бригадалар алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган.
Тадбирда об-ҳаво инжиқликлари натижасида етказилган зарар оқибатида келтирилган ноқулайликларни тезкорликда бартараф этиш мақсадида Энергетика вазирлиги тизими тармоқлари томонидан барча чоралар кўрилаётганлиги таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА