Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессия ишида Вазирлар Маҳкамаси, республика вазирлик ва идоралари, вилоят, туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари, фаоллар қатнашмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2020 йилда дунё ҳамжамияти бошига катта синовлар тушгани, бу Бухоро вилоятида ҳам жиддий йўқотишларга сабаб бўлгани, жумладан, вилоятнинг собиқ раҳбарлари Ўктам Барноев ва Карим Камолов пандемия қурбони бўлганини қайд этди.
Дунёдаги ҳозирги эпидемиологик вазият, коронавирус пандемияси ҳали давом этаётгани, Европадан чиққан янги штамм хатарли суръатда тез тарқалаётгани, бу ҳар биримиз соғлиғимизга ҳушёр ва янада эътиборли бўлишимизни тақозо этаётгани таъкидланди.
Рақобат, қарама-қаршилик кучайиб бораётган ҳозирги замонда каттаю кичик раҳбарлар масъулиятни ҳис қилиб, халқимизнинг эртанги куни яхши бўлиши учун жиддий ишлаши ва тиним билмаслиги зарурлиги таъкидланди.
– Кеча Олот туманида маҳалла раислари, сектор раҳбарлари билан учрашдим. Бугун туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари тўғри қадам қўяяптими, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак. Қабул қилинаётган қарорларни жойлардаги ижроси қандай бўлаётганини Мурожаатномада, яқинда ўтказилган йиғилишда ҳам айтдим. Президент қарорларини 60 фоиз туман ва шаҳар ҳокимлари тушунмайди. Нимага? Ўзининг устида ишламайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент сессия кун тартибига бугунги шароитни ҳисобга олиб, Бухоро вилоятига ватанпарвар, фидойи, қаттиққўл раҳбарни тайинлаш масаласи қўйилганини айтди.
– Биз уч ойдан бери вилоят ҳокими лавозимига Ботир Зариповни синаяпмиз. Албатта унга оғир, осон бўлмайди. “Мен Тошкентда юрган эканман, одамларни сафарбар қилиш, янги ғояларга ишонтириш, ўзгартириш жуда оғир масала экан”, деб ўзи айтди. Бу ҳам тўғри. Тушунгани учун менга ҳамма саволларни қўяяпти. Ечими бор бу саволларни. Депутатлар, фаоллар, туман ҳокимлари, маҳалла раислари ишлаши керак. Энди маҳалла катта куч бўлаяпти. Агар маҳалла дунёқарашини ўзгартиролса кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Сўзга чиққанлар номзод ҳақидаги фикрларини айтди. Маҳаллий кенгаш депутатлари Президент тавсия этган номзодни қўллаб-қувватлаб, Ботир Зарипов Бухоро вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси давом этмоқда.
Матназар Элмуродов, ЎзА