Ватанимиз тарихидаги 22 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1273 йил (бундан 748 йил олдин) – Чингизхоннинг невараси Ҳулоку асос солган Ҳулокуийлар давлати қўшини Бухоро шаҳрини ишғол қилди. Шаҳарда талончилик ва қирғин бошланди, бу тўс-тўполонлар вақтида Бухородаги энг йирик ва чиройли мадраса бўлган Масъудия мадрасаси ва ундаги кўплаб қимматбаҳо қўлёзма китобларга эга бўлган кутубхона ёниб кетди.
Манбаларда Масъудбек Чиғатой улусини бошқарган йилларда (1254–1289) мусулмонлар ва илм толиблари учун олий мадраса бино қилгани тўғрисида маълумотлар ёзиб қолдирилган. Бухорода ҳам бир қанча йирик иморатлар қурилиб, шаҳарда қайтадан ҳаёт жонланади. Айтишларича, мазкур мадрасада қарийб минг нафар талаба илм олар экан. Унда кўплаб қимматбаҳо китоблар тўпланиб, бой кутубхона ташкил этилган.
Тарихчи Абдусаттор Жуманазарнинг қайд этишича, Саййид Муҳаммад Носир ибн Музаффар душман босқини оқибатида рўй берган мудҳиш воқеа ва кутубхонанинг анячли қисмати ҳақида шундай ёзади: “Бухороликлар дарвозаларни ёпиб қаршилик кўрсатишга уринишди. Бир кунлик жангдан сўнг Садри Жаҳон сулҳни маъқул кўриб Оқбекнииг Ҳинду номли ўгай ўғли ишғол этишга тайинланган дарвозани очди. Лашкар шаҳарга бостириб кириб, қатл ва ғорат қилмоққа киришди. Қон дарёлари оқа бошлади. Бухоро мадрасаларининг энг йириги ва ҳашаматлиси Масъудбек мадрасасига ўт қўйишди. Бу мадраса ва унда сақланаётган нафис китоблардан кулдан бошқа нарса қолмади”. Шаҳарда ур-ур, сур-сур, талаш ва ўлдиришлар бир ҳафтагача давом этди.
1868 йил (бундан 153 йил олдин) – Туркистондаги дастлабки расмий статистика органи – Туркистон статистика қўмитаси тузилди. Унинг раиси Туркистон генерал-губернатори саналган. Мазкур ташкилот бутун Туркистон генерал-губернаторлигига оид статистик ишлар билан шуғуллангани туфайли унга “Туркистон статистика қўмитаси” номи берилган.
Қўмита Статистик йиллик тўпламлар нашр қилган (жами 5 та нашри чиққан). Ўлка ҳақидаги статистик маълумотларни кўпайтириш учун 1879 йили қўмитанинг Зарафшон ва Еттисув бўлимлари тузилган. 1887 йили уларнинг ўрнига Сирдарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари статистика қўмиталари ташкил этилган.
1911 йил (бундан 110 йил олдин) – Хива хони Асфандиёрхоннинг хонликда ислоҳот ўтказиш тўғрисидаги фармони асосида уч кун давомида – 20, 21, 22 январда Хива шаҳрида олий мартабали амалдорлар кенгашида хонликдаги ислоҳотнинг 10 бўлимдан иборат дастури ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Ислоҳот дастурини ишлаб чиқиш, мамлакат ва фуқаролар учун унинг моҳиятини изоҳлаб беришда бош вазир Исломхўжа узоқни кўрувчи катта ақл соҳиби, ташаббускор ташкилотчи, ватан равнақи учун жонкуяр давлат арбоби эканлигини кўрсатди.
1927 йил (бундан 94 йил олдин) – Самарқанд Олий педагогика институти (ҳозирги Самарқанд давлат университети) очилди. Институт обрўсини ошириш мақсадида собиқ Иттифоқ республикаларидан кўзга кўринган профессор ва ўқитувчилар таклиф этилди. Ташкил этилган ўқув юртида учта бўлим, тўртта кафедра очилиб 11 нафар ўқитувчи иш бошлади. 1927 йилнинг 1 декабрига оид маълумотларга кўра, институтнинг 1-босқичида 100 нафар, 2-босқичида 57 нафар талаба ўқиган. Бу талабалар орасида кейинчалик машҳур археолог олим, академик Яҳё Ғуломов ҳам бўлган.
1962 йил (бундан 59 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бюросининг йиғилиши чақирилди. Йиғилиш танқидий руҳда бўлиб, кун тартиби “Ўзбекистон ССР Фанлар академияси фаолияти масаласи” деб белгиланган бўлса-да, унда асосан академия президенти Ҳабиб Абдуллаев фаолияти кўриб чиқилди. Йиғилишда шахсан Ҳабиб Абдуллаев фаолиятига нисбатан бир қатор асоссиз танқидий фикрлар билдирилди.
Тарихчи Жасур Ҳасановнинг қайд этишича, Ҳабиб Абдуллаев ушбу йиғилишида сўзлаган нутқида академия фаолиятига билдирилган бир қатор камчиликлар асоссиз эканлигини таъкидлаган. Лекин, шунга қарамай, Ҳабиб Абдуллаевнинг касаллиги баҳона қилиниб, Фанлар академияси президенти лавозимидан “ўз аризасига асосан” озод қилинди. Бўлиб ўтган ишлар олимнинг соғлиғи, руҳиятига салбий таъсир ўтказди.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Филиппин Республикаси Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини тан олди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси тасдиқланди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади