Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 21 январь куни Бухоро вилоятига келди.
Давлат раҳбари вертолётда Олот туманига йўл олди.
Бу – ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган жорий йилги биринчи ташриф. Ва у мазкур чекка тумандан бошланаётгани бежиз эмас.
2020 йил 27 апрель куни Бухоро вилоятига жанубдан кучли шамол кириб келган эди. Уй-жойлар, инфратузилма ва экинларга катта зарар етказганди.
Давлатимиз раҳбари зудлик билан у ерга етиб бориб, табиий офат оқибатларини бартараф қилиш, турар жойлар ва ижтимоий объектларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берган эди. Қисқа муддатда зарур ишлар бажарилиб, ҳаёт ўз маромига қайтди.
Бу галги сафар чоғида Президент вертолётда ушбу ишлар қамровини кўздан кечирди.
Хусусан, Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 мингта уй, 204 та кўп қаватли турар жой таъмирланган. Мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тикланган.
Давлатимиз раҳбарига ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдим қилинди.
Унга кўра қишлоқ жойларда, маҳаллаларда мобил хизмат кўрсатиш пунктларини контейнерларда ташкил қилиш мумкин. Контейнерлар ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланмоқда. Ундан мини тикувчилик цехи, гўзаллик салони, пойабзал таъмирлаш устахонаси, ширинлик дўкони каби кўплаб йўналишларда фойдаланса бўлади. Шундай платформалардан биттасида камида 4 та иш ўрни яратиш мумкин.
Президентимиз лойиҳа билан танишиб, мутасаддиларга уларнинг таннархини камида 30 фоизга камайтириш, коммуникация ва канализация тизимларига улаш масалаларини ҳал қилиш бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, Олот ва унга қўшни туманларда амалга оширилиши режалаштирилган архитектура-қурилиш, хусусан, туман марказий кўчаларини реконструкция қилиш, аҳоли учун замонавий кўп қаватли уйлар қуриш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркон туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашди. Ўтган йили содир бўлган табиий офат ёдга олинди.
– 2020 йил Ватанимиз учун, шу жумладан, Бухоро вилояти учун жуда катта синовлар йили бўлди. Бу ерда юз берган табиий офат иқтисодиётга, инфратузилмага, одамлар 30-40 йиллаб қурган уйларига катта талафот етказди. Биз халқимизнинг сабр-тоқати, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги билан бу балолардан қудратли бўлиб чиқамиз, деб ният қилгандик, мана, шу натижаларга эришдик, – деди Президент.
Ҳеч бир оила эътиборсиз қолдирилмагани таъкидланди. Хусусан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Олот, Қоракўл ва Жондордаги эҳтиёжманд оилаларга қарийб 14 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилган.
Аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши, бунинг учун қуйи тизимдаги раҳбарлар уйғониши, жон куйдириши кераклиги айтилди.
– Бугун бу ерга келишимдан мақсад – халқимизни кўпроқ эшитиш, эртанги марраларни белгилашда тўғри йўл тутиш. Туман ҳокимлари ва маҳалла раислари ўзларини қийнаётган муаммоларни очиқ-ойдин айтиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирса, ниятимиз амалга ошади, – деди давлат раҳбари.
Ҳудудларни ривожлантириш дастури ҳамда камбағалликни қисқартириш режалари маҳаллабай тизим асосида ишлаб чиқилиши таъкидланди.
Мутасаддилар Олот туманида маҳаллабай ишлаш тизими тақдимоти чоғида Бунёдкор ва Шайхлар маҳаллалари уйма-уй юриб ўрганилгани, шунда аҳоли вакиллари турли касб-ҳунарларни эгаллаш истаги борлигини билдирганини қайд этди. Фуқароларнинг истакларидан келиб чиқиб, бугунги кунда тумандаги касб-ҳунар мактаби ҳузурида саккиз йўналишда касбларга ўргатиш ўқув курслари ташкил этилди.
Президент мазкур тажриба асосида Республика Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда мамлакатимиздаги 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактабини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига бўйсунадиган янги тизим жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Тегишли раҳбарларга жойларда аҳолининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, ўша ҳудуддаги тадбиркорларга керак бўлган касб-ҳунарларга ўқитишни ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Маҳалла раисларига ўз ҳудудидаги ҳар бир фуқарони рози қилиш, иқтисодий сектор билан биргаликда хонадонма-хонадон юриб, иш ўринлари яратиш, ўша хонадонларда ободлик ва фаровонликни таъминлаш бўйича вазифалар юклатилди.
– Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина одамлар рози бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига республика бўйича чекка ҳудудларда жойлашган 968 та маҳалладаги шароитларни яхшилаш бўйича топшириқлар берилди. Жумладан, Бухоро вилоятидаги 55 та оғир, олис ва чегара ҳудудлардаги маҳаллалар танлаб олиниб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу маҳаллаларда ободонлаштириш ишлари ва маҳаллабай тизимни жорий этиш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб берилди.
Бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Қоракўл туманига 36 миллиард сўм, Олот туманига 21 миллиард, Жондор туманига 49 миллиард сўм маблағ ажратилади.
2021-2022 йилларда Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Олотда лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган логистика маркази, Қоракўлда олтингугуртни қайта ишлаш корхонаси, Жондорда керамик плиталар ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади. Кичик саноат зоналари ташкил этилади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар бор. Жорий йилда 18 километр мелиорация тармоқлари қурилиб, Жанубий Олот хўжаликлараро коллектори реконструкция қилинади. Натижада фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштирилади.
Президентимиз ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталди. Хусусан, Олот туманида кинотеатр ва кутубхонани ўз ичига олган Маънавият ва маданият маркази қурилиши қайд этилди. Шунингдек, мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт муассасалари, ижтимоий хизмат объектлари барпо этилади.
Бу йил Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқхона қурилиши таъкидланди. Бу даргоҳнинг иқтидорли ёшлари IT соҳасига жалб қилинади.
Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Бу икки туманда сўнгги 30 йилдан буён ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади.
Давлатимиз раҳбари учрашувда маҳаллий аҳолининг мурожаатларини инобатга олиб, Олот – Тошкент темир йўл қатнови қайта тикланишини маълум қилди.
Бугун бутун мамлакатда уйғониш даври. Лоқайдлик, ўзибўларчилик билан ўзгариш бўлиб қолмайди. Халққа шароит яратиш, ташаббускорларга кўмаклашиш, тинимсиз интилиш ва меҳнатгина натижа келтиради. Учрашув мана шундай руҳда ўтди.
Бухоро туманидаги «Бухоро Варнет» корхонаси. Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилда бу ерга келганида иш энди бошланган эди. Ҳозирги кунда у замонавий агросаноат мажмуасига айланмоқда.
Аввал бу ерда фақат иссиқхона бўлган бўлса, эндиликда унинг ёнида ўқув маркази, лаборатория ҳамда иссиқхоналар учун конструкциялар ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилмоқда. Яъни, замонавий иссиқхоналар учун нимаики керак бўлса, шу ерда тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари бу галги ташрифи чоғида мазкур мажмуанинг янги имкониятлари билан танишди.
– Иссиқхоналар билан шунча йилдан бери шуғулланяпмиз, лекин профессионаллар йўқ эди. Энди бу йўналиш янги сифат босқичига чиқяпти, – деди Президент.
Бухоро вилоятининг кўп ерлари шўрхок ва қумлоқ, сув эса танқис. Бундай жойларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун гидропоника усули жуда қулай. Шу боис 2018 йил 10 июлдаги Президент қарори билан «Бухоро-агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди. Бу зона учун Жондор, Когон, Пешку, Ромитан ва Бухоро туманларидан 3 минг гектар ер ажратилди. Тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилиб, кластер тизимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун кенг шароит яратилди.
«Бухоро Варнет» корхонаси ҳам ана шу имкониятлар самараси. Лойиҳанинг умумий қиймати 120 миллион доллардан зиёд бўлиб, бу маблағнинг ҳаммасини тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ташкил этади.
Бугунги кунгача 10 миллион доллар ташқи инвестиция ўзлаштирилиб, 13 гектар майдонда иссиқхона қуриб битказилди, 260 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Яна 17 гектарда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Ўтган йили қарийб 20 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилиб, 1 миллион долларлик экспорт қилинган. Жорий йилда 26 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган.
Корхона учун қарийб 113 гектар ер ажратилган бўлиб, тўлиқ ишга тушганда йиллик қуввати 33,8 минг тонна бўлади, жами 2 мингга яқин иш ўрни яратилади.
Президент 2020 йил 12 декабрь куни Хоразм вилоятида бўлганида йирик иссиқхоналар ҳузурида ўқув маркази очиб, шу йўналишга қизиққан тадбиркорлар ва ёшларни тайёрлаш кераклигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари «Бухоро Варнет» корхонасида ташкил этилган шундай марказни кириб кўрди.
– Бу тизим нима учун муҳим? Биринчидан, ёшларимизга ривожланган мамлакатлар мутахассислари онлайн режимда дарс беради. Иккинчидан, иссиқхоналар учун зарур материаллар маҳаллийлаштирилади. Энг муҳими, бозор талабига мос маҳсулот ишлаб чиқарилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари «Бухоро Варнет» корхонасида хонадонлар учун ихчам иссиқхоналар қуриб беришни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.
Шу ерда 2021 йил учун Бухоро вилоятида аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш бўйича тақдимот ўтказилди. Барча лойиҳалардан кўзланган ягона мақсад – аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда қишлоқ хўжалигини драйверга айлантириш.
Бухородаги «BCT Cluster» пахта-тўқимачилик кластери Ўзбекистондаги қалдирғоч кластер ҳисобланади. У Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган кластер ғоясининг дастлабки амалий натижасидир.
Давлатимиз раҳбари кластерга қарашли “Bukhara Cotton Textile” тўқимачилик корхонасига борди.
«BCT Cluster» давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги «Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган. У ўзида пахта етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлашгача бўлган барча технологик занжирларни тўлиқ бирлаштирган. Хусусан, Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги 8 000 гектар экин майдонида пахта етиштирилса, тола Бухоро шаҳрида бунёд этилган замонавий тўқимачилик мажмуасида чуқур қайта ишланади.
Ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш учун жами 106,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Занжирли ишлаб чиқаришнинг охирги ҳалқаси ҳисобланадиган “Bukhara Cotton Textile” корхонаси учун эса 65,2 миллион АҚШ долларилик маблағ йўналтирилди. Натижада Бухоро шаҳрининг ташландиқ бўлиб қолган собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида замонавий ишлаб чиқариш объекти пайдо бўлди.
Мазкур йирик тўқимачилик мажмуаси таркибида бешта – йигирув, бўяш, тўқимачилик, “Деним” жинси матосига ишлов бериш, тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаларини бирлаштирган.
Айтиш жоизки, мажмуанинг умумий майдони 10 гектар. Бу ерда мавжуд бўлган битта эски бино тубдан қайта реконструкция қилиниб, қўшимча равишда яна 19 та янги бино ва иншоотлар барпо этилди. Кластернинг ишлаб чиқариш фабрикалари Германиянинг “Schlafhorst Zweigniederlassung der Saurer Germany Gmbh&Co KG”, “Volkmann Saurer”, “Beninger AG”, “Xetma”, “Monforts”, “Mayer”, “Menzel”, “Osthoff”, АҚШнинг “MORRISON”, Бельгиянинг “PICANOL n.v.”, Франциянинг “AESA” каби дунё тўқимачилик саноатида етакчи бўлган компанияларида тайёрланган энг замонавий технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланди.
Мазкур тўқимачилик корхонасида 1500 нафар, кластер билан қўшиб ҳисоблаганда 6000 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, тайёр маҳсулот намуналарини кўздан кечирди.
– Жинси матолар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича энг илғор давлатлар билан рақобат қилиш мумкин. Чунки еримиз, сувимиз, пахтамиз ўзимизники. Ишлайман деган ёшларимиз кўп. Таннархни яна пасайтирса бўлади. Лекин сифати халқаро даражада бўлса, дунёда албатта ўз ўрнини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Кластер томонидан йилига ўртача 26 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилади. Уни бирламчи қайта ишлаш орқали 9100 тонна тола олинади. Тола эса “Bukhara Cotton Textile” корхонасида чуқур қайта ишланиб, ундан дастлабки босқичда 8450 тонна калава ип йигирилади. Кейинги босқичда эса 15 миллион погон метр деним жинси матолари тўқилади. Сўнгги босқичда қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Яъни ташқи ва ички бозорда рақобатбардош бўлган жинси либослари тикилади.
Бунинг иқтисодий самарадорлиги шундаки, дунё бозорида 1 килограмм тола қиймати хом ашё сифатида 1,5 доллар бўлса, тайёр кийим қилиб сотилганда камида 25 долларга айланади.
Корхона айни пайтда йилига ўртача 12,5 миллион дона “Деним классик” ва “Деним стрейч” шимлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Тайёр маҳсулотларнинг 80 фоизи экспорт қилинади.
Сув ресурсларидан унумли фойдаланиш мақсадида 2020 йилда пахта майдонларининг салкам 1000 гектарига томчилатиб суғориш усули жорий қилинди. 2021 йилда яна 1000 гектар ерда бу усул тизимлари қўлланилади. Шу тариқа яқин истиқболда пахта етиштиришда тўлиқ томчилатиб суғориш усулидан фойдаланила бошланади.
Кластер томонидан Ўзбекистонда биринчи миллий жинси бренди – «B Jeans» яратилгани унинг навбатдаги ютуғи бўлди. Харидорларга ушбу ёрлиқ остидаги жинси либосларини етказиб бериш мақсадида 2020 йилда Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида кластер савдо тармоқлари ишга туширилди. Бу эса “занжирли” ишлаб чиқаришнинг энг муҳим бўлган якуний ҳалқаси боғланганидан далолатдир.
Кластер ўз олдига республика бўйича 50 та ана шундай савдо дўконлари очишни мақсад қилган. Хусусан, яқин кунларда Андижон ва Фарғонада ана шундай фирма дўконлари ишга туширилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг чет эл давлатлардаги элчихоналари кўмагида хорижда 100 та савдо нуқтасини ишга тушириш режалаштирилган. Айни пайтда Германиянинг Мюнхен, Дрезден каби йирик шаҳарларида ўзбек миллий бренди остидаги маҳсулотлар етказиб бериладиган дастлабки 7 та савдо дўконини ишга тушириш саъй-ҳаракатлари олиб бориляпти. Яқин кунларда эса қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида “Савдо уйи” очилиши мўлжалланган. Келгусида бундай савдо тармоқлари фаолияти Европа давлатлари, Болтиқбўйи республикалари, Япония ва ҳатто жинси ватани бўлган АҚШда ҳам йўлга қўйилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, чет эллардаги савдо тармоқлари орқали йилига ўртача 75-80 миллион евро миқдорида валюта тушумига эришилиши мумкин. Бу миллий брендларимиз тез орада дунё бозорларини эгаллашидан бир нишонадир.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Миллий либослар – янги ренессанс дурдоналари” модалар намойишида “B Jeans” бренди остидаги либослар коллекцияси илк намойишдаёқ муваффақият қозонди. Модалар намойишида 50 дан зиёд либослар коллекцияси тақдим этилди. “ВСТ Cluster” жинси матолари асосида яратилган либослар 40 дан ортиқ мамлакатлардан келган соҳа мутахассислари томонидан юксак баҳоланди. Натижада ўзида табиийлик, қулайлик ва ҳашамни мужассам этган “B Jeans” коллекцияси “Ўзбек миллий либослари анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун” махсус диплом билан тақдирланди.
Дарвоқе, “Bukhara Cotton Textile” корхонасида ишлаб чиқарилаётган жинси матолари рангининг табиийлиги билан ҳам ички ва ташқи бозорда устунликка эга. Ишлаб чиқаришда зарур бўладиган табиий бўёқ олиш учун эса кластер раҳбарияти саъй-ҳаракатлари билан хориждан индигофера ўсимлиги уруғлари олиб келинди ва 80 гектар майдонда етиштириш йўлга қўйилди. Пировардида шу ернинг ўзида табиий бўёқлар олишга муваффақ бўлинди.
Кластер жамоаси ўз олдига корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва сифатини янада яхшилаш эвазига Ўзбекистон жинси буюмлари жаҳон бозоридан мустаҳкам жой эгаллашига эришишни бош мақсад қилиб қўйган.
Давлатимиз раҳбари маҳсулотлар турини кўпайтириш, дунёга машҳур брендлар билан ҳамкорликда кийимлар ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда 2021-2022 йилларга мўлжалланган Бухоро вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, ёшлар бандлигини таъминлаш режалари тақдимоти ўтказилди.
– Халқ ичида юриб, ҳар бир ёшнинг муаммосини эшитиб, назоратга олиб, охир-оқибат ҳал этиб берсак, вазият ўзгаради. Ёшлар ишлари агентлигининг асосий вазифаси шу бўлиши керак, – деди Президент.
Ёшларни касбга йўналтириш, тадбиркорликка ўқитиш, бизнеси ва ҳунармандчилигини очишга кўмаклашиб, бандлигини ошириш чоралари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва IT-Parkни бориб кўрди.
Бу ерда “ягона дарча” тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Бинода Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратган. Кутиш залида китоблар жавони ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари хизматлар нархини арзонлаштириш, узоқ маҳаллалар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳам очилган. Молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.
Бинонинг иккинчи қаватида IT-Parkнинг Бухоро филиали жойлашган. Бу ерда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб-дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.
Президентимиз бухоролик ёшларнинг салоҳиятини юксак баҳолаб, бу соҳа мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
– Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса – шароит, ресурс, интеллект бор, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз «Мандэй ЛАБС» корхонасига асос солган 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тухсанов ва бошқа ёшлар билан суҳбатлашди.
Долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари IT-Parkдаги ёшлар билан эсдалик учун суратга тушди.
IT-Park учун Bukhara City мажмуасида 9 ва 12 қаватли замонавий бинолар қурилмоқда. Мажмуада коворкинг маркази, офислар, меҳмонхона, ресторан ва спорт заллари бўлади. У ерда 700 дан зиёд иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи давом этмоқда.
Матназар Элмуродов,
Зиёдулла Жонибеков,
Абдулазиз Мусаев,
ЎзА мухбирлари