Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов китобга ёзган сўзбошида таърифлаганидек, “Шарофиддин Тўлаганов фарзандлик бурчини адо этиш мақсадида ўзининг илк китобини “Турбат йўлидаги қайдлар” деб атабди. Тўғри, китобда Турбат ҳақида маълумотлар кам. Муаллиф ўз қайдларини китоб қилишга уринган, холос. Бироқ китобда қизиқарли маълумотлар, муаллифнинг ички кечинмалари акс этган, дея оламиз. Китобда камчиликлар бўлиши мумкин, бундан кўз юмиш керак эмас. Шарофиддин ҳодисаларга журналист нигоҳи билан қарашга уринган”.
Халқаро сиёсий мавзуларда сўз юритиш жуда ҳам мушкул. Ана борингки, бу мавзуда 2-3 дақиқа гапириш мумкин. Аммо Шарофиддин Тўлаганов халқаро сиёсий мавзуларда, жумладан, Яқин Шарқ ва Афғонистон борасида соатлаб сўзлаши, ўз муносабатини, ўз нуқтаи назарини билдириши, таҳлил қилиши мумкин. Бу эса журналистнинг билим доираси кенглиги, тафаккури, мулоҳаза қила олиш қобилиятининг юксаклигидан далолат.
Сўзбошида ёзилганидек, журналистнинг халқаро майдонда содир бўлаётган воқеалар, сиёсий тадбирлар, турли мамлакатлар ҳақидаги мақолалари, хорижий давлатларга қилган хизмат сафарларига оид таассуротлари кўпчиликка қизиқ.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида китоб тақдимотига бағишлаб ўтказилган тадбирда журналистлар, олимлар, муаллифнинг устозлари ва дўстлари томонидан ана шундай илиқ фикрлар айтилди.
Биринчи халқаро “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, устоз журналист, халқаро-сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановни бугунги яна бир улкан ютуғи билан чин дилдан табриклаймиз!
Моҳигул Қосимова, ЎзА