Юридик клиника
– Ёшим 54 да, 24 йиллик меҳнат стажим бор. Ёшга доир пенсияга чиқсам бўладими?
– Ҳа, бўлади.
Умумий қоидага кўра, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлади.
Аёллар 54 ёшда, яъни умумий белгиланган ёшдан бир йил илгари, агар уларда камида 20 йиллик иш стажи бўлса, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Бунда қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:
а) 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;
2019 йил 1 январдан кейинги давр учун ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.
б) ҳарбий хизмат ва партизан отрядлари ҳамда қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларида ва ички ишлар органларида хизмат қилиш;
в) идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ҳарбийлаштирилган соқчиликдаги, махсус алоқа органлари ва тоғ-кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;
г) якка тартибдаги меҳнат ва оилавий тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, шахсий ёрдамчи хўжаликдаги ва юридик шахс ташкил этилмаган ҳолдаги деҳқон хўжалигидаги фаолият:
2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
2019 йил 1 январдан 2019 йил 31 декабрга қадар бўлган давр учун ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда.
Демак, сизда «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда келтирилган юқоридаги шартлар мавжуд бўлса, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эгасиз.
ЎзА
Ушбу материал ТДЮУнинг “Юридик клиника”си талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди.