Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ш.Шараҳметов ва Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов Бўзатов туманидаги «Бўзатов» посёлкаси аҳолиси ҳаёти билан танишди.
Тор соҳа мутахассислари – окулист, кардиолог, хирург, акушер-гинеколог, педиатр, невролог, терапевт, рентгенолог, УДТ шифокори ва дерматовенеролог томонидан инструментал текширувлар, ЭКГ, УДТ, кўчмали рентген ёрдамида 350 нафардан ортиқ фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 49 нафарида турли даражада касалликлар аниқланиб, 15 фуқарога Республика даволаш профилактика муассасаларига ва туман тиббиёт бирлашмасига стационар шароитда даволаниши учун йўлланмалар ва 91 нафар фуқарога эса амбулатор шароитда даволаниши учун тавсиялар берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, мутасаддилар, шунингдек, посёлка фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказди ва аҳволи оғир беморларнинг уйига бориб, ҳолидан хабар олди. Уларга Тошкент ва Нукус шаҳарларида даволанишига ёрдам бериладиган бўлди.
Маълумот учун: “Бўзатов” посёлка фуқаролар йиғини Бўзатов тумани марказида жойлашган бўлиб, ҳудудда 8 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2 минг 617 нафари 18 ёшга тўлмаган бола, 6 минг 190 нафари 18 ёшдан юқори ёшдагилар, 774 нафари туғиш ёшидаги аёл, 213 нафари эса ногиронлиги бўлган фуқаролардир.
ЎзА