Тошкент давлат стоматология институти ва Финляндиянинг JAMK университети ҳамкорлигида ташкил этилган «Medicine and innovations» илмий-амалий журналининг илк сони муштарийларга тақдим этилди.
Бу ҳақда институт матбуот котиби Шоҳинур Мирзаев хабар бермоқда.
Журнал концепцияси илғор маҳаллий ва чет эл илмий ҳамда тиббий билимларини тарғиб килиш ва тарқатиш, янги тиббиёт технологиялар бўлими – фундаментал тадқиқотлар ва илмий-амалий тиббиёт ўртасидаги информацион боғлиқликни таъминлашга асосланган.
Журналнинг 1-сони умумэътироф этилган халқаро илмий маълумотлар базаси – РИНЦ ва Ўзбекистон Олий аттестация қўмитаси рўйхатига киритилган бўлиб, жорий йилда “Scopus ва Web of science” аъзолигига қабул қилиш юзасидан рўйхатдан ўтмоқда.
«Medicine and innovations» журналининг ушбу сонидаги 40 га яқин мақолалар “COVID-19”га бағишланган бўлиб, маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларнинг ушбу оғир касалликни ташхислаш, даволаш ва профилактика қилиш йўлларининг долзарб масалаларига қаратилган.
Маълумот учун, журнал таҳририяти Ўзбекистон, Финляндия, Англия, Италия, Чили, Япония, Россия, Корея Республикаси, Беларусь ва Қозоғистон давлатлари етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказларининг 28 нафар профессоридан иборат.
«Medicine and innovations» журнали таҳририяти ёш тадқиқотчилар, магистратура талабалари ва докторантларнинг тиббиёт, стоматология ва фармакология йўналишида янги ғояларни ишлаб чиқариш ва татбиқ этишда эришилаётган натижаларни чоп этишга, муаллифларни тиббиёт оламида муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА