Пойтахтимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда ЮНИСЕФ ҳамкорлигида “Болалар омбудсмани тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган халқаро конференция ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Рената Винтер ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш учун масъул тегишли давлат органлари ва идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Болалар омбудсмани ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Бу боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда жуда ҳам муҳим сиёсий қарордир.
«Болалар омбудсмани тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасининг асосий мақсади Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ жамоатчилик билан алоқаларни тартибга солиш, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасида болалар ва ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги бошқа халқаро ҳужжатларнинг қоидаларини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат. Мазкур қонуннинг ижроси бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилади. Имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашади.
Болалар омбудсмани Ўзбекистон Республикаси ва чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, бола манфаатларида ҳаракат қилаётган ташкилот ва шахсларнинг шикоятларини қабул қилади ва кўриб чиқади.
Шикоятлар Болалар омбудсманига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола ҳуқуқлари бузилганлиги маълум бўлган ҳолда бевосита болалар, уларнинг қонуний Болалар омбудсманлари, оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, болалар ва ёшлар ташкилоти, бошқа шахслар томонидан берилиши мумкин.
Болалар омбудсманига берилган шикоятлар учун давлат божи ундирилмайди.
Хорижий тажрибалар шуни кўрсатадики, Бола ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган омбудсманлар фаолияти бола манфаатлари йўлида давлат бошқарувини такомиллаштириш, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қоидаларини қонун ҳужжатларига ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш, боланинг шахсига ҳурматни кучайтириш, жамоатчилик онги даражасини ошириш, давлат тузилмалари томонидан, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ҳамда энг устун манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Мазкур ҳужжат кўпгина хорижий мамлакатларда махсус қонунлар билан тартибга солинади.
– “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини илгари суришдаги муҳим қадамдир, – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Қонун қабул қилингач, у Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ Ўзбекистондаги болалар, айниқса, ҳимояга энг муҳтож болаларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга кўмак беради. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун биз жавобгармиз. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши эса мана шу муҳим вазифани амалга оширишга ҳисса қўшади.
Таъкидлаш лозимки, БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси ва бошқа инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги шартномавий органлари томонидан олиб борилган болалар ҳуқуқларининг халқаро мониторинги Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатади.
Халқаро конференцияда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро институтларнинг тажрибасини ўрганиш ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асосларни яратиш юзасидан фикр алмашилди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА