Барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз байрам саналган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган айни вақтда, аниқроғи куни кеча Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида   маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ва унда кўрилган масалалар шу соҳада иштирок этаётган жамиятнинг бир ижодкор вакили сифатида қалбимни чуқур ҳаёжонга тўлдирди.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни ривожланган давлат сафига қўшиш йўлидаги куну-тун изланишларининг узвий давоми, халқ фаровонлиги йўлидаги эзгу-ниятларимизни руёбга чиқаришнинг амалий ифодаси саналган ушбу йиғилиш соҳа вакилларидан тортиб, жамиятнинг барча бўғинлари раҳбарлари, зиёлилар вакиллари олдига юксак шахсий масъулият юклагани ҳақиқат.

«Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» деган сўзнинг ўзи, мамлакат тараққиёти учун иқтисодиёт билан маънавиятнинг роли нақадар аҳамиятли эканлигини теран англатади.

Шунинг учун ҳам Президентимиз таъкидлаганларидек, «Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият» эканлигини ҳар бир раҳбардан тортиб, юртимизнинг ҳар фуқароси теран ҳис этишимиз даркор деб уйлайман.

Ҳақиқатан ҳам ҳар бир оила ва ҳар бир инсон иқтисодий томондан қанча етук бўлганимиз сари, уни ақл билан бошқарадиган ва ишлатадиган теран ақл-заковатга эга бўлишимиз даркор.

Мана шу ақл-заковат эса, аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият орқали сингиб, ривожланиб боради.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясини яъни биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиши, ниҳоятда муҳим масалага киритилган ойдинлик, кўрсатилган тўғри йўл эканлигини чуқур англаб етишимиз керак.

Бизни қувонтирган муҳим масалалардан бири Президентимиз ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этаётганлигига алоҳида урғу берди.

Шуларни ҳисобга олиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирганлиги, соҳада янги илмий тадқиқотларнинг олиб борилишига, илмий асослар негизида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Тарихдан яхши маълумки, ҳар соҳада илмга таяниб иш тутган кам бўлмайди.

Боболаримизнинг кўп минг йиллик маънавий мерослари негизида ҳам катта илм, илмий асослар мужассамдир.

Йиғилишда маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш масаласи кўтарилгани бежизга эмас.

Бешикдан бошланадиган тарбия боғча, мактаб, олий таълим, маҳаллада бир-бири билан узвий боғлиқликда олиб борилса, кутулган натижага эришиш мумкун.

Шуларни инобатга олиб, давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳар бир инсон боласи маҳаллада тўғилиб, улғаяди, камол топади, халқимиз «Маҳалла – тарбия бешиги» дея бекорга айтмаган.

Лекин, мана шу маҳалладан бошланадиган тинчлик, тотувлик, аҳил-бирдамлик, маънавий баркамоллик масалалари билан ким қандай шуғулланаяпти? деган ўринли савол биз маънавиятчиларни доимо уйлантириши керак.

Эндиликда “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши, биз уйлаётган мана шу саволга янада аниқ жавоб топишимизга хизмат қилади.

Ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги ҳам йиғилиш кун тартибидаги долзарб масала сифатида кўрилди.

Ўзбекистонда тарих фанини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганлиги, миллий «Ақл марказлари» ҳақида сўз юритилганлиги, юртимизда ақл-заковатли, ватанга садоқатли, узоқни кўзлаб, илм-фанга таяниб иш тутадиган авлодларни тарбиялаш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиз эканлигини яна бир бор уқтиради.

Йиғилишда Президентимиз томонидан шу йилдан бошлаб, маънавият ва маърифат соҳаси ихтисосликларини фанлар классификаторига киритиш, бу йўналиш бўйича етук кадрлар тайёрлаш буйича топшириқнинг берилганлиги ҳам илмга таянган ҳолда маънавий ишларни олиб боришга қодир бўлган янги замон мутахассисларини таёрлаш имконини яратади.

Хуллас, йиғилишдан олган таасуротларим бир олам, қувончларим чексиз, масъулият катта.

Эндиги асосий вазифа биз маънавиятчилар Президентимиз йиғилишда илгари сурган, мамлакатимиз тараққиётида ниҳоятда муҳим, биз кўзлаган Учинчи Ренессанс даврининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қиладиган муҳим вазифаларни садоқат билан сидқидилдан бажариш ҳисобланади.

 

Раўаж Отарбаев,

 ЎзбекистонАдолатСДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари,

 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси,  Республика

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, шоир.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги