Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида прокуратура органлари томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилги вазифаларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ф.Алламбергенов ва бошқаларнинг таъкидлашича, қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан ўтган йил мобайнида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, назорат тадбирларида асосий эътибор аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, иш билан таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларининг ижросига қаратилди.

Жумладан, жиноят содир этишга мойил шахсларнинг тўлиқ ҳисобга олиниши, профилактик тадбирларнинг ҳаққоний ўтказилиши, жиноятларни аниқлаш, фош этилмаган жиноятлар бўйича тезкор-қидирув ишлар самарадорлигини ошириш, дастлабки тергов ва суриштирув ишларининг қонунийлиги ва тўлиқ амалга оширилиши юзасидан доимий прокурор назорати ўрнатилиши таъминланди.

Ўтган йил мобайнида прокуратура органлари томонидан қонунлар ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасига кўра 5 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали қонунбузилиш ҳолати бартараф этилди. Протест келтириш йўли билан мансабдор шахсларнинг қонунга зид бўлган 2 мингдан ортиқ ҳуқуқий ҳужжати қонунга мувофиқлаштирилди.

Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида етказилган 1 миллиард 223 миллион сўмлик зарар ихтиёрий ундирилиши таъминланди. Шунингдек судларга 670 миллион сўмдан зиёд зарарни ундириш тўғрисида 28 та даъво ариза киритилиб, 7 минг нафардан зиёд фуқаронинг ҳуқуқи тикланди.

Прокуратура органлари томонидан жами 1531 та тадбиркорлик субъектига 61 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи, 863 гектарга яқин ер майдони, 17 та бўш бино ажратилишида ва бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Ушбу йўналишда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида, 302 нафар тадбиркор фаолиятига бўлган тўсқинлик ҳолати аниқланиб, бартараф этилди.

Прокуратура органлари фаолиятининг асосий қисмига айланган секторларда 8 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида 8,7 миллиард сўм миқдорида манзилли ёрдам кўрсатилди. Шулар қаторида, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда 9 минг нафардан ортиқ ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Кенгайтирилган ҳайъат мажлисида ўтган йилда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА