Президентимиз раислигида куни кеча – 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Унда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш, сифат жиҳатдан такомиллаштириш, тарбиявий чора-тадбирларни янада кенгайтириш бўйича бошқа соҳалар қатори олий таълим муассасалари вакиллари учун ҳам муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига мувофиқ эмаслиги, ҳар бир соҳада тарбиявий тадбирлар мазмунан эскиргани, ёшлар тарбиясини мустаҳкамлаш йўналишидаги ишларни танқидий-таҳлил қилган ҳолда ишларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, университетда китобхонликни кенг тарғиб қилиш, талабаларнинг 5 та муҳим ташаббус доирасидаги тадбир ва лойиҳаларда фаол иштирокини таъминлаш, маънавий-маърифий йўналишдаги саъй-ҳаракатларни ҳар галгидан кучайтириш, ушбу йўналишда фаолият юритаётган ходимларнинг масъулиятини оширишга эътиборни кучайтиришимиз лозим.
Бугун ёшларимиз кечагидек эмас, фикрлаши ва дунёқараши ҳам ўзгача. Шу маънода бугун ўз фарзандларимиз, талаба-ёшларимизнинг онгу шуурини, тарбиявий эҳтиёжларини, дунёқараши ривожланиши билан кечувчи чанқоғини мобил телефон ва интернет тармоғидан қондиришининг олдини олиш, улар истагани каби замонавий тарбия контентлари ва маънавий-маърифий майдон яратиш ишларига ҳар бир зиёли масъул эканлиги, ушбу йиғилиш кун тартибида алоҳида масала бўлди.
Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида “Бир зиёли бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида ҳар бир маҳаллага профессор-ўқитувчи ва таниқли зиёлилар бириктирилиши олий таълим муассасаларига алоҳида масъулият юклайди ва зиёли қатлам вакилларига билдирилган ишончни назарда тутади.
Президентимиз таълимнинг барча бўғинларида маънавий-маърифий ишларни тубдан қайта кўриб чиқиш, иш ташкил этиш механизмларини бугунги кун талабига мос тарзда бўлишини таъминлаш ва энг муҳими, ўзаро ижтимоий ҳамкорлик асосида аниқ манзилли чора-тадбирларни йўлга қўйишга эътибор қаратди.
Танқидлардан келиб чиқиб, эндиликда Наманган давлат университетида ҳам ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз. Барча имконият ва кучимизни яхши мутахассисларни тайёрлашга сарфлаймиз.
Йиғилишда эътибор қаратилган энг муҳим масалалардан бири бу, ёшларимизга замонавий таълим-тарбия билан биргаликда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас динимизнинг моҳиятини тўғри тушунтириб бериш ва эзгу ғоя асосида тарбиялаш масаласи бўлди. Зотан, бугун ҳар бир ёшни муқаддас динимизнинг эзгу ғоялари асосида, миллий қадриятлар ва кекса нуронийларимизнинг панд-насиҳати қуввати билан тарбиясига эътибор қаратишни долзарб деб билсак, эртанги кунда миллий маънавиятимизнинг мустаҳкамлиги, ёш авлоднинг теран фикр ва юксак намунадаги тарбия эгаси сифатида комил инсон бўлиб улғайишидаги ишларимиз ўз самарасини беради.
Наримон Деҳқонов,
НамДУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор.
ЎзА