Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси чекли совринли ўйинларда ўйналадиган мукофотлар рўйхатини кўриб чиқди ва уларнинг сонини 25 тагача оширди.

Бундан ташқари, эндиликда ҳар бир тиражда Chevrolet Spark автомобили ҳам ўйналадиган бўлди.

Солиқ идорасидан олинган маълумотларга кўра, бу ўзгартиришлар   ижтимоий тармоқлардаги солиқ хизматининг расмий саҳифаларида ўтказилган сўров натижалари сабабли киритилган. Аксарият сўров қаташчилари таклиф этилаётган ўзгаришларга ижобий баҳо бериб, “Ҳа, совринлар сонини 25 тагача ошириш ва ҳар ойда Chevrolet Spark автомобилини ўйинга қўйиш керак”, деб жавоб берган. Иккинчи кўп учрайдиган  жавоб: “Фақат пул мукофотлари ва Chevrolet Gentra автомобилини ўйнаш керак”.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ўтган йилнинг ёз ойида чекли совринли ўйинларни йўлга қўйган эди. Бу  истеъмолчиларни товар харид қилганда, чекни талаб қилишга рағбатлантириши ва шу орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилиши керак. 2020 йилда ўйиннинг жами олтита тиражи бўлиб ўтди, унда ғолибларга 120 та соврин, жумладан олтита Chevrolet Nexia 3 автомобили топширилди.

Онлайн-назорат касса машиналарини қўллайдиган корхоналар сони ошгани ҳам ушбу лойиҳанинг самарадорлигидан далолат беради. Июль ойида бутун мамлакатда уларниг сони 26,7 мингтани ташкил этаган бўлса, 2021йилнинг 4 январидан – улар 100 мингдан ошди. Чекли ўйинларни ўтказиш давомида онлайн-назорат касса машиналарига ўтган тадбиркорлар ва виртуал кассалар қарийб 14,2 триллион сўмлик 51,5 миллионта чек беришган.

Чекли совринли ўйинлар қонунбузарликларнинг тарқалишини аниқлаш имконини берди. Маълум бўлишича, ўрнатилган онлайн-назорат касса машиналарининг қарийб 46 фоизи фойдаланилмаган, уларга эгалик қилган савдогарлар эса, ўз маҳсулотлари учун нақд пул олишни афзал билган.

Бу Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Унда шундай дейилади: Назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонларни, чекларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик — беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ идорасида қайд этишларича, Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари чекли совринли ўйинларини катта қизиқиш билан кутиб олишди ва тез-тез чек сўраб сотувчларга мурожаат қила бошлади. Рад жавоби берилганда, улар солиқ органларига шикоят қилишмоқда. Бу юқорида кўрсатилган қонунбузарликнинг кўламини аниқлаш имконини берди.

Солиқ органлари бу ҳодисани йўқотиш мақсадида профилактика чораларини ўтказмоқда ва қонунбузарларга нисбатан тегишли чораларни қўлламоқда.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА