Баъзи ҳолларда талабалар академик таътил олишига тўғри келади. Бунда талаба вақт ўтиб, ўқишини тиклаши мумкин. Эндиликда бу борада ҳам ўзгаришлар, қулайликлар бўлиши кутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилганидан хабарингиз бор.
Фармон лойиҳасига кўра, академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ва масофавий шаклига ўтказилиб (агар олий таълим муассасасида бундай таълимнинг шакллари мавжуд бўлса), уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади. Бу бўйича талаблар ва вазифалар белгиланган қарор қабул қилинади.
Оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш сабабли анъанавий шаклдаги таълимни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътил олиш ҳуқуқи берилади. Талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар, академик таътилдан қайтган талабаларни илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилинади.
Илмий унвон ва илмий даражаларни бериш ваколати 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг нуфузли олий таълим муассасаларининг илмий кенгашларига босқичма-босқич ўтказилади. Бунда илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилиниши режалаштирилмоқда.