voha-tv.uz сайтида эълон қилинган “Коррупцияда айбланган 32 йиллик шифокор ёхуд Яккабоғ тиббиёт бирлашмасидаги вазиятлар” сарлавҳали видеомурожаатда Яккабоғ тумани марказий шифохонаси туғруқ бўлими анестезиолог-реаниматолог врачи Меҳринисо Номозова ўзининг ноҳақ коррупцияда айблангани, хизмат пайтида коронавирус юқтириб олгани, аммо даволаниш жараёнида унга эътибор қаратилмагани, тегишли рағбатлантириш тўловлари тўланмаганлиги, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ойсанам Бобоқулова томонидан ходимларни ишга олиш ва бошқа ҳолатларда таъмагирликка йўл қўйилаётгани маълум қилинган.
Аниқланишича, айни пайтда мурожаат муаллифи Меҳринисо Номозованинг устидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган ва мазкур иш судда кўрилмоқда.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов маълум қилди.
Меҳринисо Номозовага ўзи даъво қилаётган тизимдаги коррупция ҳолатлари юзасидан тегишли далилларни тақдим этган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шунингдек, аниқланишича, Меҳринисо Номозова бевосита коронавирус инфекцияси билан зарарланган беморларни даволаш ишларига расман жалб этилмаган, ёпиқ карантин тартибида ишламаган. Шу сабабли унга рағбатлантириш тўловлари тўлаш кўзда тутилмаган.
Меҳринисо Номозова 2020 йил 2 сентябрда “COVID-19” ташхиси билан шифохонага ётқизилиб, касаллик варақаси юритилган, даволаниши жараёнида тегишли талаблар даражасида шароитлар яратилган.
Шу ўринда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маъмурияти мазкур интервьюларни ижтимоий тармоқларда тарқатганvoha-tv.uz сайтига ҳам тегишли тартибда асослантирилмаган, ишончли бўлмаган, тўғрилиги текширилмаган, аниқ далилларга таянилмаган ёхуд ёлғон маълумотларни ОАВ ёки ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш қонун талабларига зид эканлигини, прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланишини эслатиб ўтади.