Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар мажмуасининг конференц-залида Санкт-Петербургда истиқомат қилувчи ёзувчи Исмат Кучиевнинг “Шараф Рашидов: ПОБЕДИТЕЛЬ” (“Шароф Рашидов: ҒОЛИБ, МУЗАФФАР”) номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Анжуманда Шароф Рашидов билан бирга ишлаган унинг шогирдлари, меҳнат фахрийлари, шаҳар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Улар орасида Шароф Рашидовнинг қизи Гулнора Рашидова ҳам бор эди.

Шароф Рашидовнинг ижоди ва фаолиятини яхши биладиган, 70-йиллар охири 80-йиллар бошидаги унинг драматик ҳаётидан хабардор бўлган асар муаллифи, шоир, ёзувчи, жамоат арбоби Исмат Кучиев асарнинг яратилиши тўғрисида маълумот берди. Муаллиф, шунингдек, Ш.Рашидов фаолияти билан боғлиқ кўпчиликка маълум бўлмаган воқеалар ҳақида гапириб берди.

Сўзга чиққан архитектор Серго Сутягин, таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев, тарихчи олима Замира Эшонхўжаева ва бошқалар Шароф Рашидовнинг номи Ўзбекистонда янаям улуғланаётганлигини айтиб, Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти яна қанчадан-қанча асарларга мавзу бўлишини таъкидлаб ўтди.

Тақдимотга келганлар муаллифни ва ўзбек китобхонларини янги асар билан қутлаб, китоб биринчи ишончли манбаларга асосланган жиддий илмий-тарихий тадқиқот эканлигини қайд этдилар, уни ўзбек тилида чиқариш фикрини қўллаб-қувватлашди.

Режиссёр Баҳодир Одиловнинг “Шароф Рашидов” номли ҳужжатли фильми тақдимот қатнашчилари томонидан илиқ қабул қилинди.

 

И.Абдухолиқов, ЎзА