Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган боғча тарбияланувчисининг қўлига ураётган аёл тасвири ҳолати бўйича Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармасининг расмий муносабатини Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева ЎзАга тақдим этди.
Унда қайд этилишича, жорий йил 17 январь куни мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчининг қўллари ва юзига аёл кишининг ураётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳолат Булунғур туманидаги 13-МТТда содир бўлган. Ушбу ҳолат 18 январь – душанба куни Булунғур тумани ҳокимлиги ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси масъул ходимлари томонидан жойида ўрганилди.
Ўрганиш давомида ташкилот мудираси Роҳатой Ахророва 2-тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси М.Ш.нинг руҳиятига босим ўтказиб, қўллари ва юзига урганлиги маълум бўлди. Ушбу видео МТТ психологи Н.Атабаева томонидан тасвирга олиниб, тарбияланувчиларнинг ота-оналарига тарқатилган. Ота-оналар томонидан видео ижтимоий тармоқларга жойланган.
Воқеа содир бўлган куни гуруҳ тарбиячиси Дилфуза Маҳкамова соат 12:20 да ишга келган. Шунингдек, ўрганишлар давомида Р.Ахророванинг юраги хуруж қилганлиги боис “Дўстлик” тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилди.
Р.Ахророва тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан шифохонага олиб кетилганлиги сабабли таълим ташкилоти мудираси вазифасини вақтинча бажариш олий маълумотли тарбиячи Дилрабо Мардиевага унинг розилиги асосида юклатилди. Тизимда келгусида бундай салбий ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ш.Рахмонов, туман ҳокимлиги ва прокуратураси билан бирга туман МТТ директорлари ҳамда туман мактабгача таълим бўлими мутасаддилари иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан Р.Ахроровага меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда “Меҳнат шартномаси”ни бекор қилиш чоралари белгилаб олинди.
Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Булунғур тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, Ш.М.нинг қўллари ва юзига урган ҳолати юзасидан судга оид экспертиза тайинланган.
Туман мактабгача таълим ташкилотларида тизимга доир хато ва камчиликлар мавжудлиги, раҳбарий назоратни сусайтириб юборганлиги сабабли бўлим мудирига нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва Мактабгача таълим вазирлигига меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича таклиф киритилган.