Умумхалқ муҳокамасига қўйилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида ушбу вазифа белгиланган.
Унга кўра, чет элда истиқомат қилаётган ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик салоҳиятини ошириш жараёнларига фаол жалб қилиш режалаштирилган.
Лойиҳада мазкур ишларни амалга ошириш 2021 йил 10 май санаси этиб белгиланган. Унга Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси масъул этиб белгиланган.
Лойиҳада ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш ва ушбу мақсадга қаратилган “Ватандошлар” махсус жамғармасини таъсис этиш режаланяпти. Шу билан бирга, чет элларда Ўзбекистон Республикасининг ижобий имижини шакллантириш ва мустаҳкамлашга ватандошларни кенг жалб қилиш назарда тутилмоқда.
2021 йил Давлат дастури лойиҳаси 276 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида акс этган асосий ғоя ва таклифлар ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар асосида ишлаб чиқилди.