Ёзнинг иссиқ ёки қишнинг қаҳратон кунларида йўл ўртасида қувур ёрилиши оқибатида беҳуда оқиб ётган сувга ачиниб ўтиш ҳолати ҳеч биримизга бегона эмас.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» матбуот хизматидан маълум қилишларича, Тошкент шаҳрида 3700,8 километр ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлиб, авариялар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Масалан, 2019 йилда 10 минг атрофида авария бўйича таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 12 мингтага етган.
Ҳар бир соҳада илғор, замонавий, тежамкор технологиялар жорий этилаётган ҳозирги даврда бу тизимда нега иш орқага кетмоқда? Дунёда сувнинг қадри олтинга тенг экани қайд этилаётган бир вақтда нега эътиборсизлик қилинмоқда?
– Бу каби муаммоларнинг барчаси маблағ масаласига бориб тақалади, айни вақтда ишлаб чиқариш харажатлари қопланмагани сабабли янгилаш ёки таъмирлаш билан боғлиқ ишлар бажарилмай қолмоқда, – дейди «Тошкент шаҳар сув таъминоти» раҳбари Мақсуд Аббосхонов. – Имкониятдан келиб чиқиб, бажарилаётган ишлар эса етарли эмас. Соҳанинг абгор ҳолатга келиб қолишига сабаблар кўп. Улардан бири, бундан бир неча йил олдин Осиё тараққиёт банки (ОТБ) дан кредит олиб, тозалаш иншоотлари янгиланган. Энди эса кредитни ёпиш учун 2027 йилга қадар йилига 1,5 миллион доллар маблағни тўлаб туриш керак. Биз кредит олган вақтда бир долларнинг нархи 4 минг сўм бўлган бўлса, энди 10 мингдан ошиб кетди. Ана шу кредит туфайли ҳам зарар кўраяпмиз.
Камига 1991-2000 йилларда сув соҳасига ҳеч ким эътибор қаратмаган, нархлар билинар-билинмас ўзгарган. Ўтган йилларда сув таъминоти алоҳида тармоқ сифатида фаолият юритмаган. Сувдан келган маблағлар коммунал хизматларнинг бошқа мақсадларига йўналтириб юборилаверган. Натижада ҳозир тўланаётган 1 минг 100 сўмнинг атиги 410 сўми бизга тушади. Шундан 310 сўми бизда қолдирилиб, 100 сўми коммунал хизматлар фондига йўналтирилган.
Ҳисоблаб кўрилса, аслида сувнинг таннархи 350 сўмга тушмоқда. Биз эса ҳам хизмат қилиб, ҳам зарар кўриб турибмиз. Ана шу зарарни бартараф қилиш, автопаркимизни янги техникалар билан бойитиш, қувурларни янгилаш учун сув нархини оширишга тўғри келмоқда.
Айни вақтда нега тезкорликка эришилмаётгани ҳақида айтадиган бўлсак, совуқ сув автопаркида мавжуд 125 автомашинанинг 70 фоизи эскирган. Улар 1970-1978 йилларда олинган, бензинда юрадиган автомашиналар. Камига эскирган қисмларни тинимсиз таъмирлаш бизга қимматга тушмоқда. Замонавий тежамли техникалар харид қилиш эса фақат фойда эвазига бўлиши низомда кўрсатилган.
Тизимнинг ҳолатини ўтган йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис депутатлари ўрганиб чиқиб, сувнинг нархини аҳоли учун 400 сўм, ташкилотларга эса минг сўм қилишга рухсат беришди.
Энди биз йиллар давомида кўрилган зарарни қоплаш ва соҳани ривожлантириш учун маблағга эга бўламиз. Агар ишни тўғри ташкил қилсак, энди ана шу 50 сўм эвазига бир йилда 2,5 миллиард сўм фойда кўрар эканмиз. Бунинг эвазига биз сув қувурларини ва автомашиналар паркини янгилаб борамиз.
Сайёра ШОЕВА, ЎзА