Яна тўрт йилдан сўнг пойтахтимиз ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Бу каби йирик комплекс мусобақаларда мезбон мамлакатга спорт турларини танлаш бўйича ҳуқуқ берилади.
Регламентга кўра, мусобақа дастурида камида 9 та Олимпия ўйинлари оиласидаги спорт тури бўлиши лозим. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, дастлабки учта ёшлар Осиё ўйинлари дастурига спорт курашлари, бокс, камондан отиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, волейбол, триатлон, велоспорт каби спорт турлари киритилмаган.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида «Тошкент – 2025» IV ёшлар Осиё ўйинларининг ташкилий масалаларига бағишланган илк йиғилиш бўлиб ўтди. Уни Миллий олимпия қўмитаси бош котиби, «Тошкент – 2025» ёшлар Осиё ўйинлари дирекциясининг директори Ойбек Қосимов олиб борди. Учрашувда МОҚ Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев, шунингдек, спорт федерация ва ассоциацияларининг бош котиблари ва халқаро бўлим мутасаддилари иштирок этди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
– «Тошкент – 2025» ёшлар Осиё ўйинларига пухта тайёрланишимиз керак. Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва Ёшлар форумидаги нутқида бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилган эди.
Табиийки, биз мусобақада атлетларимизнинг имконияти юқори бўлган спорт турларини танлашимиз лозим. Бу борада федерацияларга мурожаат йўллаганимизда бор йўғи 6 та жавоб хати олдик холос. Қолаверса, мусобақа дастуридан жой олиш учун Ўзбекистон кураш федерацияси ва Ўзбек жанг санъати федерациясидан ташаббус чиқди. Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларимиздан бу борада тезроқ ўз таклифларини беришларини сўраб қоламиз, – деди Ойбек Қосимов.
Йиғилиш давомида ҳар бир федерация мутасаддилари билан мусобақаларни ўтказиш учун мўлжалланган спорт объектларининг ҳолати, ёшларимизнинг имконияти ҳақида батафсил суҳбатлашилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида спорт оммавийлигини ошириш мақсадида йил давомида камида 20 та халқаро мусобақани мамлакатимизда ўтказиш, халқаро федерациялар раҳбарларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, нуфузли халқаро спорт ташкилотларига юртимиз мутахассислари кўпроқ жалб этилишини таъминлаш каби масалалар ҳам кўрилди.
Маълумот учун, ёшлар Осиё ўйинлари 14-18 ёш оралиғидаги (футболда U-14 жамоаси) спортчилар ўртасида 5 кундан кам ва 8 кундан кўп бўлмаган кунлар орaлиғида ўтказилиши лозим. Мусобақа давомида мамлакатимизга 6000 нафар меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда.
ЎзА