Миллий матбуот марказида Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали томонидан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган анжуманда ихтисослаштирилган филиалда кадрлар тайёрлаш, бу борада шаффофлик ва адолатлиликни таьминлаш борасида олиб борилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида сўз борди.

– Филиал Миллий гвардия ва ички ишлар тизимини малакали ҳуқуқшунослар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган, – дейди полковник Шуҳратжон Тоҳиров.

– Филиалга талабаларни қабул қилишда ҳам, уларга дарс берувчи педагог кадрларни тайёрлашда ҳам талаб катта. Шунинг учун таълим тизими жуда яхши йўлга қўйилган. Битирувчилар учун таълимдан сўнг соҳада 5 йил ишлаш мажбурияти юкланган.

Қайд этилганидек, ихтисослаштирилган филиалда ўқув жараёни Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режаси ва дастурлари асосида олиб борилмоқда. Келгусида илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ўқув дастурларида маърузалар сонини камайтириш, шунингдек, мавзуларни амалиётга боғлаб, семинар ҳамда амалий машғулотларни кўпайтириш режалаштирилган.

Тадбирда таълим жараёнига замонавий ахборот коммуникация воситаларини кенг жорий қилган ҳолда электрон таълим тизимига ўтиш, хусусан ёзма имтиҳон жараёнининг онлайн режимда жамоатчилик вакиллари ёки талабаларнинг ота-оналари томонидан кузатиш имкони йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

 

Д. Маматова, ЎзА