Бу йилги пандемия келтирган қийин вазиятда ҳам мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишлари асло тўхтаб қолмади. Халқимизнинг ҳаёт сифатини ошириш, узоғини яқин қилишга қаратилган улкан лойиҳалар бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда.
Жорий йил Мустақиллик байрами арафасида Тошкент ер усти метросининг биринчи босқичи битказилган эди. Бугунги шукуҳли кунларда унинг яна бир муҳим бўғини – Сергели йўналиши ишга туширилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни ушбу транспорт объектини бориб кўрди. Шу ерда давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан дилдан мулоқот бўлди.
– Бу йил иқтисодиёт учун, одамларимиз учун қийинчиликлар кўп бўлди, ҳозир ҳам давом этяпти. Лекин шу мураккаб ҳолатларни иложи борича юмшатиш бўйича ҳар куни бамаслаҳат ишлаяпмиз. Иқтисодиётни ривожлантириш, бозор топиш, одамларга даромад манбаи яратиш йўлларини излаяпмиз. Ҳамма масалалар маҳаллабай ҳал қилинади. Нимага? Яхшимиз ҳам, ёмонимиз ҳам маҳаллада, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, энергия қувватларини кўпайтириш бўйича кўрилаётган чоралар айтиб ўтилди.
– Оммавий ахборот воситаларига раҳмат. Улар давлатимизга душман эмас, дўст. Улар баланд овозда адолатни, ҳақиқатни айтиб турмаса, раҳбарларнинг дарров оёғи ердан узилиб қолади. Халқимиз, уйингга эски тўнингни илиб қўйиб, кимлигингни унутма, деганидек, ҳамма раҳбарлар шу элнинг фарзанди, вакили эканини доим ёдда тутиши керак. Юртимиздаги тинчликнинг қадрига етиб, халқимизга муносиб шароит яратишимиз зарур, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда юриб, йўловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Дунёнинг мегаполис шаҳрига айланиб бораётган Тошкент Марказий Осиёнинг ҳудуди ва аҳоли сони бўйича энг катта шаҳри ҳисобланади. Бугунги кунда пойтахтимизда уч миллионга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Ҳар йили юз минглаб аҳоли мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан пойтахтимизга келиб-кетади, қўшни давлатлар ва узоқ хориж юртларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюради.
Бу эса ўз-ўзидан шаҳримиз транспорт тизимини ривожлантириш, аҳоли учун қулай, хавфсиз ва тезкор жамоат транспортини шакллантиришни тақозо этаяпти. Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳрида аҳоли учун жамоат транспортини кескин ривожлантириш ва халқаро талабларга мос транспорт тизимини яратишга катта аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, ер ости ва ер усти метрополитени йўналишига алоҳида эътибор берилмоқда.
Сергели ер усти метро йўналишини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди. Қурилишнинг бориши давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлди.
Узунлиги 7 километрлик мазкур темир йўлда бешта бекат барпо этилган. Метрополитеннинг “Олмазор” бекати билан оралиқда 580 метрлик туннел қурилиб, ер усти ва ер ости йўллари боғланган.
Бекатлар миллий дизайн асосида пардозланган, замонавий технологиялар, электрон тўловли турникетлар, эскалатор ва лифтлар билан жиҳозланган. Бу йўналишда 214 нафар ходим йўловчиларга хизмат кўрсатади.
Ушбу йўналишда кунига 35 мингтагача одам қатнаши мумкин. Шу боис у ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик жиҳатдан улкан аҳамиятга эга. Масалан, Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи автомобиль йўли аксар ҳолларда тирбанд бўлади. Оқибатда ёқилғи сарфи ортиб, атмосферага катта миқдорда зарарли газлар чиқади. Одамлар манзилига кечикиб, асабийлашади. Янги ер усти метроси эса аҳолига жуда катта қулайлик яратади.
Охирги бекатда ушбу Сергели йўналишини Қўйлиқ йўналиши билан боғлаш, ер усти метросининг кейинги босқичларини қуриш бўйича тақдимот ўтказилди.
– Илгари Сергелига метро келишини биров тасаввур қилганмиди?! Мана, энди халқимизга катта қулайлик пайдо бўлди. Яна бир томони, бу экологик тоза транспорт. Кейинги метро йўлларини ҳам аҳолига маъқул, қулай, хавфсиз, сифатли қилиб қуриш, хориж тажрибасини ўрганиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Умумий қиймати 82,66 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан тайёрланган. Мавжуд бекатларнинг кириш ва чиқиш ҳудудлари ўзига хос ранг-баранг меъморчилик асосида барпо этилган. Айниқса, перрон қисмига ишлатилган қурилиш маҳсулотлари кўриниши, ранги ва тури бўйича бир-бирини такрорламайди. Йўловчилар учун ҳам катта қулайликлар яратилган. Хусусан, имконияти чекланганлар учун бекатлар платформасида хавфсиз тактил плиткалар ётқизилган. Йўловчиларнинг платформаларга кўтарилиши учун замонавий лифт ва эскалатор, хавфсизликни таъминлаш мақсадида эса бекатларга замонавий видеокузатув ускуналари, IT русумдаги турникетлар ҳамда электр энергиясини тежайдиган ёритиш чироқлари ўрнатилган. Шунингдек, мобиль алоқа ускуналари учун қувватлагичлар ҳам бор. Ҳар бир бекат 12 тагача хорижда ишлаб чиқарилган замонавий иситиш ва совутишга мўлжалланган кондиционерлар билан жиҳозланган.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунда шаҳримиз жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда. Ривожланган мамлакатлар пойтахтида эса бу кўрсаткич 60-70 фоизни ташкил этади. Пойтахтимизда аҳоли ҳам, транспорт воситалари ҳам кун сайин кўпайиб бормоқда. Охирги 10 йилда шаҳарда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни 2 бараварга ошган. Шунга мос равишда жорий йил фойдаланишга топширилган Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 2 та бекат ҳамда ер усти халқа йўлининг биринчи босқичи ишга туширилгани натижасида жамоат транспортида 56 та йўналиш мақбуллаштирилиб, 170 минг аҳолининг транспорт хизмати янада яхшиланди, уларнинг транспортга кетадиган вақти ҳам ўртача 15-20 дақиқага қисқарди.
Янги очилган Сергели ер усти метроси Сергели ва Янги ҳаёт туманларида истиқомат қилаётган аҳоли учун жуда катта қулайлик бўлади. Мазкур туманларда транспорт инфратузилмасини янада яхшилашга имкон яратилади.
– Болалигим Сергели туманида ўтган. Ҳозир ҳам ушбу тумандаги кўп қаватли уйларнинг бирида, яъни Сергели метросининг 2-3-бекатлари оралиғида истиқомат қиламан, – дейди Дилафрўз Қорабоева. – Энди шаҳар марказидаги иш жойимга шахсий машинамда эмас, метрода қатнайман. Чунки ҳар куни эрталаб соат 07:00 дан 09:30 гача, кечга яқин эса соат 16:00 дан 20:00 гача автомобиль йўллари жуда тирбанд бўлади. Айни шу вақтда ишга бориб-келишимга тўғри келади. Баъзида ноқулай об-ҳаво ҳукм сурса, ҳаракатланиш янада қийинлашади. Натижада ҳар куни 2-3 соат вақтим йўлга сарф бўлаяпти.
Албатта, Сергели ва Янги ҳаёт туманларида ҳам аҳоли сони кун сайин ортиб бормоқда. Шу боис шаҳар маркази билан боғланган автомобиль йўлларида кун сайин тирбандлик ортиб боряпти. Ушбу туманлар аҳолисини қулай ва хавфсиз транспорт тизими билан таъминлашни эса даврнинг ўзи тақозо этаётган эди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Сергели янги метро йўналишининг 5-бекатидан йўлга чиққан йўловчи “Буюк ипак йўли” бекатига ўртача 30-40 дақиқада етиб бориши мумкин. Бунинг учун метро поезди 16 та бекатни босиб ўтади. Бошқа транспортда эса тирбандлик пайтида бир соатдан кўп вақт кетади.
Яна бир қулайлик жиҳати Сергели йўналишида ҳаракатланган поезд Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекати орқали “Пахтакор” бекатидан Ўзбекистон йўналишининг “Алишер Навоий”, “Амир Темур хиёбони” бекатидан эса Юнусобод йўналишининг “Юнус Ражабий” бекати билан боғланади. Натижада ушбу йўналиш Тошкент метрополитенининг барча йўналишлари билан боғланиб, йўловчиларга шаҳримизнинг истаган ҳудудига етиб бора олишига имкон яратади.
Пойтахтимизда аҳоли зич яшайдиган Қорақамиш, Ибн Сино, Тошкент трактор заводи мавзеларида жамоат транспорти тизимини яхшилаш, автобус йўналишларини мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Ер усти метроси тагидаги спорт майдончаси ҳам кўздан кечирилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Сергели тумани Қипчоқ кўчасида қурилган кўприкни бориб кўрди.
Мазкур кўча “Тошкент-Ангрен” темир йўли билан кесишган. Бунинг устига тор бўлиб, автомобиллар ҳаракатига қийинчилик туғдирарди. Шу боис Қипчоқ кўчаси 8 қаторли қилиб кенгайтирилиб, темир йўл устидан ўтувчи 772 метрлик кўприк барпо этилди. Унинг эстакада қисми 445, эни – 28 метр.
Давлатимиз раҳбари объектнинг сифати, шаҳарда транспорт тизимини яхшилашдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Ушбу кўприк соатига 12 мингтагача автотранспорт воситаларини узлуксиз ўтказиш имкониятига эга. Энг муҳими, у пойтахтимиздаги иккита йирик кўча – Янги Сергели айланма йўли билан Тошкент халқа йўлини боғлайди. Бу ҳайдовчилар учун анча қулайлик яратади, минглаб транспорт воситалари оқимини ўзига олиб, бошқа кўчалардаги тирбандликни камайтиради.
– Пандемия бошланганда биз ундан кучли, қудратли бўлиб чиқамиз деб мақсад қўйган эдик, – деди Шавкат Мирзиёев тошкентлик фаоллар билан суҳбатда. – Ҳаммамиз кўряпмиз дунёда нималар бўлаётганини. Бошқа мамлакатларда қурилишлар тўхтаб қолган ҳолатлар ҳам бўлди. Халқимиз тартиб-интизом, бирдамлик билан барча режаларини рўёбга чиқармоқда. Биз ҳамжиҳатликда кўп нарсаларга қодирмиз.
Президентимиз жорий йил 4 июнь куни Тошкент шаҳрининг Чўпонота кўчаси ва Кичик халқа йўли кесишмасида қуриладиган кўприк лойиҳаси билан танишган эди. Келгусида янги йўл барпо этилиб, Қипчоқ кўчасидаги мазкур кўприкка туташади.
Шу ерда Туркиянинг “Каlyon” компанияси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, транспорт ва йўловчилар ҳаракати учун қулайликларни ошириш лойиҳалари муҳокама қилинди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА