Кўпгина мамлакатлар мактабларида таълим олаётган болалар анъанавий дарслардан адабиёт, математика ва жисмоний тарбия каби фанлар билан бир қаторда, катта авлод вакилларининг ҳавас ва ҳасадини келтирадиган ғаройиб фанларни ўрганадилар.

Қуйида Исроилда киберхавфсизлик дарсларидан тортиб Бошқирдистонда асаларичилик ва Арманистонда халқ ўйинлари бўйича курсларга қадар дунёнинг турли бурчакларида ўқитиладиган энг ноодатий мактаб фанлари ҳақида билиб оласиз.

РОССИЯДА МОЛИЯВИЙ САВОДХОНЛИК

Топ дастурларни илк сонини Россия мактабларида юқори молиявий саводхонлик дарслари бошлаб беради. Ҳозиргача курс болаларга ихтиёрий синфлар шаклида таклиф этилади. Ушбу лойиҳа жаҳон банки ва Россия Федерацияси Молия вазирлиги каби жиддий идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, унда болалар пулни тўғри бошқаришни, оилавий даромад ва харажатларни режалаштиришни ўрганадилар. Энг муҳими, улар молиявий фирибгарликни фарқлай олишга ўргатилади. Эҳтимол, бу молиявий ўқув дастури тез орада мактаб жадвалида ўзининг қонуний ўрнини мустаҳкамлайди.

АРМАНИСТОНДА ХАЛҚ РАҚСИ

Арманистонда халқ рақси хореографиясида мактабларда махсус курс бўлиши шарт. Расмийлар бу билан ўқувчиларда бой маданий анъаналарга ҳурмат шаклланади, деб ҳисоблайдилар. Болалар халқ рақси тарихини ўрганадилар, мураккаб хореографик композицияларни ўзлаштирадилар. Ноодатий мактаб фанини мукаммал ўзлаштириш талаб этилади ва қатъий баҳоланади. Агар ўқувчи халқ рақслари имтиҳонидан «йиқилса», у кейинги ўқув йилига қолдирилади.

БУЮК БРИТАНИЯДА ЎРМОН МАКТАБИ

Инглиз болаларига эрта ёшдан бошлаб ўрмонда қандай ҳаракатланиш қоидалари ўргатилади. Мактабда «тўғри» новдаларни танлаб, олов ёқишни ўрганиш мумкин экан. Чодир қуриш қобилияти урбанизация ривожланган шаҳарда яшайдиган бола учун фойдали бўладими ёки йўқми, буниси маълум эмас, аммо, у ўрмонда аниқ жон сақлай олади. Мактаб курси «ўрмон мактаби»деб аталади ва бу дарслар қуйи синфларда ўтилади.

ИСРОИЛДА КИБEР ЎЙИНЛАР ВА МУҲОКАМАЛАР

Исроил давлатидаги мактабларда болалар кибер хавфсизлик курсларини ўрганишади. Ҳозирча шу номдаги курс фақат бир неча мактабларда амалга оширилган. Янги фаннинг киритилишига сабаб – ота-оналар ва шифокорларни ташвишга солаётган ёш авлоднинг кибер оламга қарамлиги бўлди. Гаджетларнинг кўплиги ва ҳамма жойда компьютерлаштириш ёшлар учун хавф туғдиради. Янги курснинг бир қисми сифатида болаларга ижтимоий тармоқлардаги тўғри хатти-ҳаракатлар ўргатилади. Уларга изоҳларда яширин таҳдидларни сезиш ўргатилади. Энг катта эътибор кибер дунёга ружу қўйишнинг олдини олишга ва «gamer» синдроми белгиларини билишга қаратилмоқда. Бошқа мактабларда болаларга муҳокама дарслари ўргатилади.

БОШҚИРДИСТОНДА АСАЛАРИЧИЛИК ДАРСЛАРИ  

Бошқирдистон дунёда энг яхши асал ишлаб чиқарадиган давлат ҳисобланади. Бугунги кунга келиб у ерда асаларичилар мактабданоқ таълим олишмоқда. Юздан ортиқ мактаб энг янги технологиялар билан жиҳозланган. Шуниси диққатга сазоворки, арилар парвариши ва асал йиғиш билан фақат мактаб ўқувчилари билан шуғулланади. Бундан ташқари, уларга хавфсизлик, асаларичилик биологияси, асаларичилик турлари ва бошқалар ҳам ўргатилади. Бошқирдистон ҳукумати янги фанни жорий этиш маҳаллий асаларичилик саноатига яхши ёрдам беради, деб ҳисоблайди.

ГEРМАНИЯДА БАХТ САБОҚДАРИ

Немис ҳукумати бахтни ўрганиш мумкинлигига ишонади ва баъзи мактабларда илк лойиҳани йўлга қўйишди. Бу фан бўйича ихтисослашган ўқитувчилар йўқ. Шунинг учун Гейделберг шаҳар мактаби мудирининг ўзи бу фандан дарс беради. Болалар бахтли бўлишга, аҳил яшашга, қалбига қулоқ солишга ўргатилади. Бу бахт имтиҳонларини тасаввур қилиш қийин, шунинг учун улар йўқ. Йил охирида ўқувчиларга вариантлар таклиф этилади: баҳолаш учун «меҳрибон» видеоролигини тақдим этиш ёки хайрия ишларида иштирок этиш.

ИСПАНИЯДА ҲИССИЙ ТАЪЛИМ

Ушбу дастур барча синфлар ўқувчилари учун мўлжалланган. Болаларга суҳбатдошни тинглаш, бошқа одамлар билан мулоқотда бўлиш қоидалари ўргатилади. Ўқитувчилар ҳиссий салоҳият – муваффақиятли ҳаётнинг муҳим таркибий қисми, деб ишонишади. Ишончли муҳитда эмпатия ва ўзаро тушунишга ўргатадилар, қўрқувни енгадилар, ғазабни бошқарадилар ва абстракт мавзуларда суҳбатлар ўтказадилар.

ЯПОНИЯДА ТАБИАТНИ СEВИШ…

Кунчиқар мамлакати рақамли технологиялар бўйича бутун дунёда лидердир. Кенг тарқалган компьютерлаштириш одамларнинг табиат билан алоқасини заифлаштирди. Шунинг учун Япония ҳукумати мактаб ўқув дастурига «табиатни севиш» дарсларини киритди. Машғулотлар ўтказишдан мақсад – ўқувчиларни атрофдаги дунё гўзаллигини пайқашга ўргатишдан иборат. Ўқитувчилар болалар эътиборини флора ва фауна ўртасидаги боғлиқликка, ёввойи табиат ривожланишининг ўзига хос хусусиятларига қаратадилар. Ўқувчилар фақатгина табиатни севиб қолмай, балки, бунинг учун баҳо олишади ва имтиҳон топширишади.

АВСТРАЛИЯДА СЁРФИНГ ДАРСЛАРИ

Профессионал сёрфингчилар Австралия тўлқинлари жангчилари билан рақобат қилиш қанчалик қийин эканлигини яхши билишади. Уларни бежизга дунёнинг энг яхши сёрфингчилари деб тан олишмаган. Яшил қитъа ҳукумати бу борада етакчиликни сақлаб қолишга интилади. Бунинг учун мактабларда сёрфинг дарслари ўтилади. Тўлқинларнинг забт этувчи ўқувчилар аввало, мувозанатни идора қилишни, доска билан ишлаш сирларини қирғоқларда ўтиладиган машғулотлардан бошлайдилар.

Мутахассисларнинг фикрича, сёрфинг танани мукаммал чиниқтиради, табиат билан уйғун яшашга ўргатади. Шунинг учун сайёҳлар маҳаллий тўлқин жангчиларининг маҳоратидан ўзиб кетишга умид қилмасалар ҳам бўлади.

 

Сарвиноз АҲМEДОВА тайёрлади