Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида бунёд этилаётган янги уйларни бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбарининг эҳтиёжманд аҳолини турар жой билан таъминлашга оид фармон ва қарорларига мувофиқ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида мамлакатимизда кейинги тўрт йилда 46 минг 980 хонадондан иборат 1 минг 103 та кўп қаватли арзон уй қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Хусусан, жорий йилда 4 минг 256 квартирали кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Бу қанчалаб оилаларнинг орзу-ҳаваслари ушалади, дегани.
Хоразм вилоятида ҳам кам таъминланган оилаларга мўлжалланган турар жойлар қурилиши тегишли режа ва дастурлар асосида амалга оширилмоқда. 2020-2021 йилларда вилоятда 300 квартирали кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Жорий йилда 84 квартирали 2 та кўп қаватли уй ўз эгаларига топширилди.
Айни пайтда Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасида 216 хонадондан иборат 4 та 9 қаватли уйнинг қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда. Илгари ташландиқ бўлган бу жойда қисқа вақтда – тўрт ойда янги иморатлар қад ростлади. Қурилиш ишлари якунланса кейинги тўрт йилда Хоразм вилояти бўйича қурилган кўп қаватли уйлар 31 тага, улардаги хонадонлар сони 1 минг 617 тага етади. Мана шу рақамнинг ўзи вилоятда биргина соҳада амалга оширилган улкан ўзгаришларга яққол мисол.
Уйларни салоҳиятли қурилиш-пудрат ташкилотлари бунёд этмоқда. Хусусан, уйлардан бирини қураётган “Шиддат монолит” хусусий корхонасининг ишлари ҳам шиддатли. Корхона раҳбари Темур Норбоевнинг таъкидлашича, хонадонлар тайёр ҳолда, ҳамма шарт-шароитлари билан бирга топширилади. Қулай томони, ушбу уйларни 7 фоизлик имтиёзли ипотека кредити асосида, 20 йилда тўлаш шарти билан олиш мумкин.
Мазкур уйлар монолит усулда, энергиятежамкор қурилиш материалларидан бунёд этилмоқда. Ташқи қисми базальт қатлам билан қопланган, бу хонадонлар қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди.
Баҳорда аҳоли мазкур уйларга кўчиб кириб, ҳудуд замонавий мавзега айланади.
Давлатимиз раҳбари уйнинг шоурумини кириб кўрди. Мебеллар, муҳандислик тармоқларининг сифатига эътибор қаратди. Кўп қаватли уйларга малакали хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.
– Кўп қаватли уйларни бошқаришни яхшилаш керак. Иситиш, канализация билан бирга ёнғин хавфсизлигини ҳам таъминлаш лозим. Илгари бу масалага эътибор қаратилмаган. Аммо бугунги талаб, шарт-шароитдан келиб чиқиб янги мавзеларни қуришда бу масалалар инобатга олиниши шарт, – деди Президент.
Шу ерда Хоразмда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари, хусусан, Урганч шаҳрида янги уйлар, «Binary» халқаро университети учун янги бино барпо этиш, автомобиль йўлларини таъмирлаш, кўприк қуриш, коммунал хизматларни яхшилаш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.
Матназар Элмуродов, ЎзА