Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Сеул шаҳрида ўтган “Корея Республикаси – Марказий Осиё” 13-ҳамкорлик форумида иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон, Корея Республикаси, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари пандемия шароитида мамлакатлар барқарорлиги ва изчил ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ устувор йўналишлар ҳамда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди.

Форумда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўзаро ишонч ва яқин ҳамкорликка асосланган адолатли глобал тизимни шакллантириш орқали коронавирус инфекциясига қарши биргаликдаги курашиш, даволаш усулларини такомиллаштириш ҳамда янги эпидемиологик-санитар стандарт ва қоидаларни жорий этиш бўйича ахборот алмашишни давом эттириш зарурлигини қайд этди. Аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш тизими ва иқтисодий жараён ўртасидаги мувозанатни таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббусининг концептуал аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Давлат идоралари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш долзарблиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, иштирокчилар эътибори иқлим ўзгариши Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётганига ҳам қаратилди. Шу нуқтаи назардан, Орол денгизи қуришининг экологик оқибати, Оролбўйи аҳолисига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак кўрсатилиши механизми таҳлил қилинди.

Форум якунида қўшма баёнот қабул қилинди.

Ташриф доирасида А.Комилов Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан ҳам учрашди. Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томон кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилди, турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирларнинг ташкилий жиҳатларини кўриб чиқди.

Корея томони сиёсат, савдо, инвестиция, молия, ахборот-коммуникация, фан ва технология соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик суръатига юқори баҳо берди.

2019 йил икки томонлама муносабатларни алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилиши Ўзбекистон – Жанубий Корея алоқаларининг теран ва узоқ муддатли эканлигидан дарак бериши таъкидланди.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир ижобий тажриба мамнуният билан эътироф этилиб, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатини бартараф этиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан боғлиқ устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар устувор аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Ўзаро савдонинг аввалги ўсиш суръатини сақлаб қолиш ва маҳсулот айирбошлаш ҳамда хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш юзасидан аниқ чоралар кўришдан икки томон ҳам манфаатдор экани билдирилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистонда янги тиббиёт муассасалари барпо этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилиши масаласи кўриб чиқилди.

Вазирлар томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

 

ЎзА