Ишсизлар бандлигини таъминлашда кам таъминланган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Нукусда Қорақалпоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида ишчи гуруҳ аъзоларининг вазифаларига тўхталди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 30 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди. Ушбу йиғилиш баёни топшириқларини бажариш юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Қорақалпоғистон Республикасида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш юзасидан 70 та банддан иборат, 13 та йўналиш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шунингдек, барча тадбирларнинг амалга ошириш муддатлари аниқ белгилаб олиниб, ҳар бир бандга тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари масъул этиб бириктирилди.

Президентимизнинг жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгилаб берилган топшириқлари асосида маҳаллаларда жиноят содир этишга мойил шахслар билан махсус профилактик тадбирлар ўтказилиб, ҳуқуқий-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ишсизлар бандлигини таъминлашда кам таъминланган фуқароларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Бунда айниқса эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини ишга жойлаштириш ва сектор раҳбарлари масъулиятини ошириш орқали жиноятчиликни камайтиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Жиноят сони ошган маҳаллаларда патруллик йўналишлари кўпайтирилиб, криминоген вазият барқарор ҳудудларда манзилли профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 201 маҳаллада умуман жиноят содир этилмаган бўлса, 18 та маҳаллада жиноятчилик сони камайган. Вояга етмаганлар томонидан 9 та туманда, хотин-қизлар томонидан 2 та туманда умуман жиноят содир этилмаган. Шунингдек, йўл транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50 тага камайган. Талончилик ҳамда босқинчилик жиноятлари содир этилишига йўл қўйилмаган.

Шунинг билан бирга, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 411 тага, яъни 39,6 фоизга ўсганлиги қайд этилди. Содир этилган жиноятларни таҳлил қилганда, унча оғир бўлмаган, оғир турдаги, ўта оғир, вояга етмаганлар, хотин-қизлар орасида жиноятлар ўсган.

Жорий йилнинг ўтган 10 ой давомида Жиноят, Фуқаролик, Маъмурий ва Иқтисодий судлар томонидан жами 23 мингдан ортиқ иш кўрилиб, шундан 17,5 мингта иш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияси раисининг ҳисоботи сессияларда доимий равишда тингланиб, тегишли чора-тадбирлар ва қарорлар қабул қилинмоқда. Тегишли соҳа ҳамда ижро этувчи органлар раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб  берилмоқда.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида прокуратура органлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида коррупция ҳолатлари бўйича 43 та жиноят ишлари қўзғатилиб, шундан 42 таси бўйича 58 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Етказилган 9 миллиард 530 миллион сўм миқдоридаги моддий зарар тергов жараёнида ундирилган.

Тадбирда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳалла ва қишлоқлардаги нотинч оилалар, уюшмаган ёшлар ва оғир шароитга тушиб қолган хотин-қизлар билан бевосита ишлаши, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада юксалтириш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кун”ларида жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, аҳоли орасида мунтазам тарғибот ва ташвиқот тадбирларини олиб бориш зарурлиги бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Судлар ва тергов органлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш ҳамда уларни моддий-техник таъминлаш, суд органларининг Халқ қабулхоналари, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш, жиноят содир этилган маҳаллаларда, ташкилотларда сайёр суд йиғилишларини ўтказишни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбирда “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА