Яхши маълумки, жаҳон тарихида илк Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги даврларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.

Демак мана шундай улуғларни берган муқаддас заминдан бугун ҳам улуғ аждодларимиз ворислари чиқиши керак.

Мана шу юксак вазифа бугун бутун зиёлиларимиз олдида турган ғоят масъулиятли ва долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Албатта ҳар қандай улуғ мақсадларга эришиш унинг ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий илдизларига бориб тақалади.

Биз фахр билан айтамизки, маънавий илдизларимиз ишончли ва мустаҳкам ҳуқуқий ва иқтисодий илдизларни мустаҳкамлаш эса доимо давлатимиз раҳбари эътибори марказида бўлиб келмоқда.

Сўзимизнинг исботи сифатида Муҳтарам Юртбошимизнинг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонини илм-фан тараққиётининг чин маънодаги ҳуқуқий ва иқтисодий илдизи деб баҳолашимиз керак.

Фармон билан танишар эканмиз, унинг ҳар бир банди, ҳатто ҳар бир сатри илм-фан тараққиётига хизмат қилишга йўналтирилганлигини чуқур ҳис этамиз.

Айниқса, илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш борасида илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизимини жорий этиш, шунингдек, илм-фанда ўзини ўзи бошқариш тизимини ривожлантириш орқали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳамда унинг доирасида лойиҳаларни амалга ошириш каби мақсадлар келажакда юртимиздан илм-фан тарақкиётига ўз ҳиссасини қўшиш орқали юртимиз довруғини кўтарадиган миллий кадрларнинг етишиб чиқишига имкон яратади.

2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш, 2025 йилга қадар илм-фанни умумий молиялаштириш ҳажмида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига хусусий сектор томонидан ажратиладиган маблағлар улушини амалдаги 8 фоиздан 20 фоизга, 2030 йилгача эса 30 фоизга етказиш, инновацион ишланмалар ва стартап лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида хорижий етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармаларини ташкил қилиш каби мақсадлар биз юқорида тилга олган иқтисодий илдизлар мустаҳкамлигига хизмат қилади.

Ҳар қандай соҳада бўлгани каби илм-фанда ҳам юксак натижаларга эришиш, ушбу йўналишдаги ташкилотлар раҳбарлари салоҳиятига боғлиқ.

Шуларни ҳисобга олган тақдирда илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланиши ва уларни 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитиш ва мунтазам малакасини ошириб бориш тизими жорий қилиниши юксак эътиборга молик.

2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир илмий ташкилотда унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони доирасида илм-фан ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчи лавозими киритилаётгани ва бу лавозимга таниқли илм-фан намояндалари ва нуфузли олимлардан бири тайинланиши ҳамда маслаҳатчи ташкилотнинг Илмий кенгашини бошқариши каби вазифалар фармонда ўз аксини топган бўлиб, бу ўз навбатида илм аҳлига берилаётган катта имконият ва имтиёздир.

Фармонда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам илгари сурилиб, «Академик ҳаракатшанлик» дастурини жорий қилиш, уларни хорижий университетлар ва илмий марказларга қисқа муддатли стажировкаларини ташкил этиш учун Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш масаласи ҳам ўз аксини топган.

Албатта, битта мақола билан мамлакатимиз илм-фани тараққиётига хизмат қилувчи ушбу фармонни батафсил  таҳлил этиш қийин, энг асосийси фармон ўз вақтида қабул қилинган, юртимиздан юксак салоҳиятли, маънавиятли илм-фан намоёндалари ўсиб етилишига хизмат қиладиган дастурий ҳужжатларнинг бири бўлди.

Партия вакили сифатида айтадиган бўлсам, фармонда илгари сурилган вазифалар мақсад ва ғояларимизга ҳамоҳангдир.

Мамлакатимиз рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратишни мақсад қилган Ўзбекистон «Адолат» СДП вакили сифатида, фармон ва унда белгиланган вазифаларни кенг тарғиб қилиш ва ижросини таъминлашда фаол иштирок этамиз деб ишонч билдираман.

 

Рауаж Отарбаев,

 Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари

Чимбой туман Кенгаши депутати.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги