Малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган навбатдаги учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети мутахассислари иштирок этди.Унда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими муассасалари раҳбар, педагог ва мутахассис ходимларини касбий ривожлантириш тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг замонавий шакл ва механизмларини жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилди. Малака оширишда таълим мазмунини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш кераклиги қайд этилди. Мазкур йўналишда тайёрланган меъёрий-хуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича ўзаро фикр алмашилди.Муҳокамада иштирок этган Россия таълим академиясининг вице-президенти, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг илмий ишлар бўйича проректори Лариса Цветкова бу борада Россия Федерациясида амалга оширилган ишлар натижалари, муваффақият ва муаммолар тўғрисида маълумот берди.
Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга оширишда амалга ошириладиган ишлар, тадбирлар, режалар бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурларини халқаро тажрибалар асосида биргаликда ишлаб чиқиш, педагогларга турли шаклларда малака ошириш имкониятини берадиган Learning Management System (LMS) тизимини жорий этиш бўйича “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасини яратиш режалаштирилди.
Учрашувда касбий эҳтиёжларга асосланган малака оширишни ташкил этиш, узлуксиз касбий ривожланишга кредит-модул тизимини татбиқ этиш, педагогларга турли шакл ва воситалардан фойдаланган ҳолда ўзларининг касб маҳоратларини такомиллаштиришининг индивидуал траекторияларини тақдим этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.
Онлайн мулоқотда педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишда, яъни уларнинг “бутун ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз касбий таълимини таъминлаш керак, деган хулосага келинди. Бу таълим тизимининг барча иштирокчилари, яъни, олий таълим ва малака ошириш муассасаларининг биргаликдаги фаолиятини ягона ёндашув асосида мувофиқлаштирувчи ҳужжат – “Педагогларнинг касбий стандарти”ни яратиш шартлигини англатади.