Меҳмонлар кейинги йилларда туманда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан танишди, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг шуманайликлар “Каттақўрғон электро техника” корхонасида электр трансформатор ишлаб чиқариш жараёнлари, “Эргаш ота” хусусий тиббиёт маркази ва бу ерда қад ростлаётган 7 қаватли 350 ўринга мўлжалланган меҳмонхона қурилиши, “Фаровон Голд Чорва” масъулияти чекланган жамиятида зотдор чорва моллари кўпайтирилаётгани, “Фирдавс қандолат инвест” корхонасида замонавий технологиялар асосида бир неча турдаги кондитер маҳсулотлари ва ускуналар ишлаб чиқарилаётганига гувоҳ бўлди.
“Каттақўрғон кластер” ва “Амино голд инвест” корхоналари ва фермер хўжаликларида пахта йиғим-терими ва ғалла экиш мавсумининг боришини кузатди. Тумандаги “Кумуш тола” хусусий корхонаси, “Самарқанд қулупнай импекс” кластери фаолияти қорақалпоғистонликларда катта қизиқиш уйғотди.
– Каттақўрғон туманида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудни обод қилиш борасида кейинги пайтда катта янгиликлар, ўзгаришлар бўлгани ҳақида эшитгандик, бугун келиб бунга гувоҳ бўлдик, – дейди Шуманай тумани ҳокими Баҳодир Янгибоев. – Туман раҳбарлари билан фикрлашиб, тажриба алмашдик, ўрганадиган ишларимиз кўп экан. Сафаримиз шу жиҳатдан барча раҳбарларимиз учун фойдали бўлди.
Шуманайлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида замонавий архитектура асосида бунёд этилаётган кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектларини ҳам бориб кўрди. Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби ҳамда вилоятдаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди.