Фаол ёшларга кўкрак нишони топширилди

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Қорақалпоғистон Республикасидан 4 нафар йигит-қизга “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди.

Шу муносабат бўлиб ўтган тантанали тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А.Данияров, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори Х. Сатторов ва бошқалар пандемия даврида юзага келган ҳавф-хатарга қарши самарали курашиш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этишда Оролбўйи кўнгилли ёшлари ҳам фаол иштирок этганини таъкидлади.
photo_2020-10-14_18-27-02.jpg

Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами, боқувчиси бўлмаган кексаларга, кам таъминланган оилаларга, карантин сабабли кунлик даромад манбаини йўқотган одамларга турли озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа кундалик эҳтиёж маҳсулотларини ўз вақтида етказиб беришда “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий координатори Болатбек Бахбергенов, 1197 қисқа рақамли “Call center” марказида беғараз хизмат кўрсатган кўнгилли ёшлардан Саламат Сайджанов, Гулзар Еркебаева, Бекбосин Адилбоевларнинг меҳнати алоҳида қайд этилди.

photo_2020-10-14_18-27-08.jpg

–Жаҳон миқёсида глобал муаммога айланган коронавирус пандемияси даврида беғараз ҳомийлик ёрдам кўрсатишда кўпчиликка ўрнак бўлган ёшлар қаторида мен ҳам ушбу мукофотга лойиқ топилганимдан миннатдорман, –дейди «Меҳр-саховат» кўкрак нишони соҳиби Гулзар Еркебаева. – Ушбу мукофот биз ёшларга катта масъулият юклайди.

Тадбирда кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА