“Энг китобхон мактаб” лойиҳасида Қўнғирот тумани кўрсаткичи паст бўлди, Мўйноқ эса яхшироқ

Аввал хабар қилганимиздек, Қорақалпоғистон мактабларида “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси доирасида китоб ярмаркалари ўтказилмоқда. Тадбир Мўйноқда якунланди ва Қўнғирот туманида давом этмоқда.

“Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари мутахассиси И.Ахунджановнинг маълум қилишича, китоб ярмаркасига туман халқ таълими бўлими суст қараган, мактабларнинг иштирок этиши паст. Нисбатан Мўйноқ туманида тадбир яхши ўтган. Туман ҳокимининг ўзи ҳам бунга катта қизиқиш билдирган.Тадбир барча туманлар ва Нукус шаҳрида ўтказилади.

Савдо ярмаркалари карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда мактаб спорт зали ёки мажлислар залида, ҳар куни бир вақтда (эрталаб соат 10:00дан-17:00гача), имкониятлардан келиб чиққан ҳолда 10-20 та мактабда ўтказилади.

Лойиҳа доирасида ўтказиладиган китоб ярмаркалари давомида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар эътиборига ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида чоп этилган 1500 хилдаги сифатли китоб маҳсулотлари тақдим қилинади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа якунида “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходимлари”га, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси доирасида қайд этилган умумий натижаларга кўра, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган туман халқ таълими бўлимларига қимматбаҳо совғалар, “Энг китобхон мактаб” лойиҳасида ғолиб чиққан энг китобхон туман халқ таълими бўлимига эса “NEXIA-3” автомобили тантанали равишда топширилади. Бундан ташқари, энг кўп китоб сотиб олинган мактабга “SPARK” автомобили совға қилинади.

 

Есимқан Қаноатов, ЎзА