Пилла етиштиришда илғор тажриба

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани пиллакорлари соҳада юқори кӱрсаткичларга эришиб келмоқда. Шунинг натижасида пиллачилик билан шуғулланувчи касаначилар сафи ортиб бормоқда.

Тумандаги Ибн-Сино маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Норгул опа Алламова 20 йилдан бери пилла етиштириб, оилавий анъанани давом эттириб келмоқда. Биринчи мавсумда апрель ойида пилла қуртини етиштириш ишларини бошлаган бўлса, иккинчи мавсум июль ойида бошланди ва октябрь ойида ҳосилни йиғиш ишлари олиб борилди. Бугунги кунгача 80 килограмм пилла ҳосили топширилди. Ҳар бир килограми учун 20400 сўмдан нақд пул кўринишида иш ҳақи тўлаб берилмоқда. Айниқса, пандемия даврида пиллачилик қӱшимча даромад манбаи бӱлди.
photo_2020-10-10_18-45-31.jpg

– Соҳага берилаётган эътибор боис пиллачилик тармоғи ривожланиб бормоқда, – дейди “Беруний агропилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Муҳаббат Аннамуродова.

– Жорий йилда 1635 нафар касаначи билан шартнома тузилган бўлса, улардан 1200 нафари аёл, 125 нафари ёшлардан иборат. Шундан 18 нафари “Темир дафтар”га кирган оила аъзолари ҳисобланади. Мавсум давомида 4 маротаба пилла етиштирилиб, ҳозирги куз фаслида ҳам пиллачилик билан шуғулланди. Туманимизда 135 тонна пилла топшириш режаси ортиғи билан бажарилди. Қолган мавсумларда яна 10 тонна пилла топширилди. Илғор пиллакорлар 7-8 миллион сӱм атрофида даромад олмоқда.
photo_2020-10-10_18-45-40.jpg

Ҳар бир касаначига оилавий пудрат асосида 1 гектаргача ер тажриба сифатида бўлиб берилди. Жорий йилдан бошлаб баргларни ҳам хорижга экспорт қилиш йӱлга қӱйилмоқда.

Қўл меҳнати билан яратилган пилла дунё бозорида сифат жиҳатидан юқори баҳоланади. Шу нуқтаи назардан берунийликлар пилла етиштириш борасида ўзларининг тажриба мактаби анъаналарини яратмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА