Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Зехавит Бен Ҳиллелни қабул қилди.
Вазир ишонч ёрлиқларини қабул қилиб оларкан, Элчини Ўзбекистондаги миссияси бошланиши билан табриклади ва унга муваффақият тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Исроил муносабатларининг жорий ҳолати ва алоқаларни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқаришга ўзаро қизиқиш билдирди.
Жорий йилнинг тўртинчи чорагида ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувларни онлайн шаклда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, айрим минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
ЎзА