Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларни батафсил кўриб чиқдилар. Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган фаол мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши оқибатларини самарали енгиб ўтиш мақсадида амалий ҳамкорлик бўйича, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транзит, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим тармоқлардаги лойиҳаларни илгари суриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан ўтган ойда ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг самарали натижалари ижобий баҳоланди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилдилар.
Тизимли ва барқарор тус олаётган ушбу муҳим формат доирасида сермаҳсул мулоқот олиб борилаётгани мамнуният билан таъкидланди.
Кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида хавфсизлик, иқтисодиёт, инновациялар, транспорт, фан, таълим ва маданият соҳалари кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбарлари Қирғиз Республикасидаги воқеалар ривожига алоҳида тўхталдилар. Ушбу мамлакатдаги вазият Қирғизистон Конституциясига мувофиқ ҳолда тез фурсатда барқарорлашиши зарурлиги қайд этилди.
Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.
ЎзA