Нукус тумани “қизил” ҳудуддан “сариқ” ҳудудга ўтади

Халқ депутатлари Нукус тумани Кенгашининг ӱн иккинчи сессиясида туманни 2020-2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу орқали “қизил” ҳудуддан чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масала кӱриб чиқилди.
Бу бӱйича туман сектор раҳбарлари мурожаат қилди ва йӱл қӱйилган камчиликлар учун аҳолидан узр сўради.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 24 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичи натижасига кўра Нукус тумани «қониқарсиз» баҳоланганлиги қайд этилди.
Бундан тегишли хулоса чиқарган ҳолда иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича жорий йил якунида туманда қиймати
248,4 миллиард сўмлик 11 та янги саноат ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, қилинган чора-тадбирлар натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 108,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Туманда 9 ой давомида жами 3 миллион 53 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, режа 60 фоизга бажарилган. Мазкур кўрсаткич йил якуни билан 6 миллион 600 минг АҚШ долларига етказилади.
Иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсификацияси кўрсаткичлари йўналиши бўйича 2020 йилда қўшимча 6 та саноат ишлаб чиқариш лойиҳасини экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтириш натижасида қўшимча 35,7 миллиард сўмни ёки ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларига нисбати 19 фоизни ташкил этади. 2020 йил якуни билан туманда 121,6 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган. Шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 6,7 миллиард сўмни ёки 5,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Йил якунига қадар 11 та саноат ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушурилиши натижасида 93 миллиард 103 миллион сўмлик қувватлар яратилиши ҳисобига, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардаги улуши 2,5 фоизга ўсишга эришилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари бўйича жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Президент Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналаридан жами 97 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан
82 тага камайган. Ушбу мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда кўриб чиқилган бўлиб, шундан 28 таси қаноатлантирилган. Туман сектор раҳбарлари томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида қабул қилинган мурожаатлар билан ишлашда уларнинг аниқ эгаларига йўналтирилиши, ижроси доимий назоратга олиниши, муҳокама қилиниши ҳамда такрорий мурожаатлар билан алоҳида ишлаш тизими йўлга қўйилиши натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижобий ўзгаришларга эришилди.
Туманда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тижорат банклари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 199 та субъектга 7 миллиард 153 миллион сўмлик кредит ажратилган. Туманда 3 йил олдин 409 та кичик бизнес субъекти бўлган бўлса, ҳозир уларнинг сони 1778 тага етди. Натижада, янги ташкил этилган корхоналар ҳисобига 1369 та қўшимча иш ўрни яратилди. Йил якунига қадар инвестиция дастури доирасида 277 та, бундан ташқари 180 та кичик бизнес субъектини янгидан ташкил этиш эвазига қўшимча 457 та янги иш ўрни яратилади.
Туман иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, шунингдек экспорт имкониятларини ошириш мақсадида ҳосилдорлиги паст бўлган 1165 гектар пахта экилиб келинган майдонларга, сабзоват ва полиз экинларини етиштириш ҳамда боғ ва токзорлар барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 169 гектар майдонга интенсив боғ ташкил этиш юзасидан умумий қиймати 11 миллиард сўмлик 6 та лойиҳа ишга туширилади. Натижада, 100 га яқин янги иш ўрни яратилади. Туманнинг мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашганлигини инобатга олган ҳолда, “Саманбай”, “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 200 гектар майдонда замонавий типдаги иссиқхона барпо этиш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги “Ақманғит” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий “Ёшлар маркази” қурилмоқда. 2020-2021 йилларда касаначилик ва аҳоли даромадларини кўпайтириш мақсадида жами қиймати 77 миллиард сўмлик 38 та лойиҳа ҳисобидан 1086 янги иш ўрни яратилади.
Албатта, туманда “Темир дафтар”га киритилган оила аъзоларининг бандлигини таъминлашга эришилади. Бундан ташқари, чорвачилик, балиқчилик ва чарм пойабзал ишлаб чиқариш йўналишида 4 та кластер ташкил этилиб, қиймати 451 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилади ва 2573 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Мана шу чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида туман жорий йил якуни бӱйича “сариқ”, 2021 йил якуни бўйича “яшил” ҳудудга ўтиши қайд этилди.
Сессияда туман ҳокими О.Уснатдинов депутатлар, оммавий ахборот воситалари ва блогерларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
photo_2020-10-08_13-24-39.jpg
photo_2020-10-08_13-24-44.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА